22 сентябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 42-сессияси бўлиб ўтди. «Zaraфшон» газетаси хабарига кўра, сессияда бир қатор ташкилий масалалар кўрилган.
Хусусан, Камолиддин Қурбонов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланган. Мазкур лавозимда Қурбонов кимни алмаштирганига аниқлик киритилмаган.
Ҳокимлик сайтида 7 сентябрь куни эълон қилинган Қурбоновнинг таржимаи ҳолида у «2017 йилдан ҳозирги вақтгача» (айнан қайси санаданлиги ёзилмаган) вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги, аҳоли пунктларини кўркамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётгани кўрсатилган.
Маълумот учун, 52 ёшли Камолиддин Қурбонов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти битирувчиси (1987) саналади. Ҳоким ўринбосари лавозимига киришишидан аввал 2014—2016 йилларда вилоятнинг Пахтачи туманига ҳокимлик қилган.
Изоҳ (0)