19 сентябрь куни Мексикада рўй берган зилзила оқибати ҳалок бўлганлар сони 293 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат миллий қидирув-қутқарув хизмати раҳбари Луис Фелипе Пуэнте маълум қилди, деб хабар берди «ТАСС».
«Ҳозирга қадар 293 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда: Мехикода 155 киши, Морелос штатида — 73, Пуэбла штатида — 45, Мехико штатида — 13, Герреро штатида — 6 ва Оахака штатида бир киши», — деб ёзади Пуэнте ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Мехико ҳукумати раҳбари Мигел Анхель Мансеранинг маълум қилишича, мамлакат пойтахтидаги вайроналар остидан 69 киши қутқариб олинган. Расмийлар омон қолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Аввалроқ, ҳалок бўлганлар сони 286 кишига етгани ҳақида хабар берилганди.
Мексика миллий сейсмология хизматининг маълумотларига кўра, ер ости силкинишларининг эпимаркази пойтахтдан 111 километр жанубда, Ахочьяпан (Морелос штати) аҳоли пунктидан 12 километр жануби-шарқда жойлашган. Унинг ўчоғи 57 километр чуқурликда бўлган.
Изоҳ (0)