Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Усмонов бошчилигидаги делегация Нью-Йоркда Skal International компанияси президенти, АҚШ сенатори Марк Бегич ва Primapact компанияси директори Андерс Хейс билан учрашди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Skal International ва Primapact туризм соҳасидаги тадқиқотлар, хусусан, миллий миқёсда тармоқни ривожлантириш стратегиясини шакллантириш билан шуғулланади. Skal International дунёнинг 89 давлатида 17 мингдан ортиқ аъзога эга.
Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Компаниялар томонидан Ўзбекистонда туризм тармоғини ривожлантиришга кўмаклашувчи маркетинг тадқиқотларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқиш ҳақида келишувга эришилди. Жумладан, Primapact АҚШдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқади.
Қўмита вакиллари компанияларни 2017 йил 3—5 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Буюк ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва 2018 йил апрелида «Дам олиш дунёси» халқаро ўзбек туризм кўргазмаси фаолияти давомида Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф этди.
Америкалик шериклар таклифни кўтаринкилик билан қабул қилди ва яқин орада Ўзбекистонга бориш истагини билдирди.
Изоҳ (0)