Бугун, 21 сентябрь куни Миллий матбуот марказида жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида билдирилган муаммолар ва таклиф-мулоҳазалар бўйича миллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликни хабардор қилишга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдураҳим Хўжаев хорижда вақтинча ва доимий яшаб келаётган фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароларининг консуллик-ҳуқуқий масалалардаги мурожаатларини ҳал этишда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, масофаларни қисқартириш ва уларнинг вақтларини тежаш мақсадида, биринчи навбатда МДҲ давлатларида консуллик муассасаларини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консулхонаси фаолияти ташкил этилди. Ҳозирда консуллик муассасасини ходимлар билан тўлдириш, уни жой ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Қисқа муддат ичида мазкур консуллик муассасасининг иш бошлаши кутилмоқда.Бугунга қадар Россиянинг Владивосток, Екатеринбург ва Қозон шаҳарларида Ўзбекистоннинг учта консуллик муассасаларини таъсис этишга Россия томонининг расмий розилиги олинди.
Шу билан бирга, Остона шаҳрида Ўзбекистон элчихонасининг янги биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Элчихона Остонага кўчиб ўтганидан сўнг Олмаота шаҳридаги ваколатхонамиз ўрнида бош консулхона ташкил этиш режалаштирилган.
Абдураҳим Хўжаев, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари
Изоҳ (0)