Ҳалима Якоб Сингапурнинг янги президентига айланди, у яқин вақтларгача парламент спикери сифатида фаолият юритиб келган, деб ёзади «ТАСС».
Шу тариқа, 63 ёшли Якоб мамлакатнинг илк аёл президентига, шунингдек, малайя жамоатчилигининг ушбу лавозимни эгаллаган 47 йил ичидаги биринчи вакилига айланди.
Дастлаб, сайловда собиқ спикердан ташқари яна тўрт нафар номзод қатнашишни режалаштирганди. Аммо икки кишининг номзоди ҳужжатларни топшириш босқичининг бошидаёқ рад этилди, чунки улар малайя жамоатчилиги вакиллари эмасди. Ўтган йилнинг ноябрида қабул қилинган қарорга мувофиқ, жорий кампанияда фақат малайяликлар қатнашиши мумкин эди.
Қолган икки номзод талабларга жавоб бермагани учун, сайланиш ҳуқуқини берувчи сертификатни қўлга кирита олмагач, 11 сентябрь куни пойгадан чиққан эди.
Шу тариқа, собиқ спикер президент лавозимига ягона даъвогар бўлиб қолди. Бундай вазиятда маҳаллий қонунчиликка кўра, давлат раҳбари сайлови ўтказилмайди ва номзод автоматик тарзда президент деб эълон қилинади.
Изоҳ (0)