Американинг Sierra Nevada компанияси Dream Chaser номли юк ташувчи космик кеманинг парвоз синовини ўтказди. Бу ҳақда компаниянинг сайтида маълум қилинди.
Синов парвози чоғида юк кемаси вертолёт ёрдамида ҳавога кўтарилган, кейин мустқаил қўнишни амалга оширган. Синовлар АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Калифорния штатидаги Эдвардс авиабазасида бўлиб ўтган.
Dream Chaser’нинг кейинги синовлари 2017 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтади. Юк кемасининг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йилга мўлжалланган.
Кеманинг аввалги синови 2013 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган. Ўшанда қўниш вақтида чап шасси очилмай қолган, натижда кемага зарар етган.
Dream Chaser’нинг ташқи кўриниши мини-шаттлга ўхшайди ва Халқаро космик станцияга юк жўнатиш учун мўлжалланган. Кемани Atlas 5 ёки Ariane 5 элтувчиси ёрдамида учириш режалаштирилмоқда. Кема станцияга дум қисмида жойлашган док ёрдамида бириктирилади. Шунингдек, Dream Chaser’нинг учувчи бошқарадиган талқинини ҳам яратилмоқда, унда етти киши жойлашиши мумкин бўлади.
Sierra Nevada компанияси SpaceX ва Orbital ATK билан бирга 2016 йилда 2024 йилгача юкларни Халқаро космик станцияга олиб чиқиш бўйича NASA билан шартнома имзолаган.
Изоҳ (0)