Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 21 август куни тахминан соат 02:30 да номаълум шахслар юзига ниқоб тақиб, Д.А.нинг уйига бостириб кирган. Д.А. ва унинг ўғлининг кўкрак қисмига тепиб, Россияда ишлаётган оила бошлиғи жўнатган пулларни топиб беришни талаб қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ахборот хизматига таяниб, ЎзА хабар берди.
Номаълум шахслар хонадон эгаларининг 50 доллар ва 300 минг сўм пулини олиб, воқеа жойидан яширинган. Ҳолат юзасидан кўрилган тезкор-суриштирув чоралари натижасида жиноятни ушбу оиланинг икки қўшниси содир этганлиги аниқланган ва улат қўлга олинган.
Ҳудудларда вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлигининг алоҳида назорати остида давом эттирилмоқда.
Бунда асосий эътибор жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилмоқда. 20—26 август мамлакат ҳудудида 659 жиноят содир этилган. Бу борада олдинги ҳафтага нисбатан 76 тага камайиш кузатилган.
Содир этилган жиноятлар бўйича тузилган тергов-тезкор гуруҳлари фаолияти натижасида 585 жиноят «изи йўқолмасдан» фош этилган. Жиноятларни содир этган 1022 нафар шахс, жумладан, иш жойига эга бўлмаган, муқаддам судланган шахслар, шунингдек, 64 та жиноий гуруҳ аниқланган.
Қидирувда юрган 151 нафар шахс ушланган ва 19 бедарак йўқолган киши топилган. Илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 65 жиноят фош этилган.
Изоҳ (0)