Самарқандда Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатиш, унинг атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ишлари фаол давом этмоқда. Бу ҳақда самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўз блогида маълум қилди.
Хабар беришларича, ҳайкал Регистон майдони яқинидаги собиқ Йўлбарслар хиёбони ҳудудига ўрнатилган. «Авваллари бу ерда Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи давлат музейининг уч қаватли биноси бўларди», — дейилади блогдаги хабарда.
Ҳозирда ҳудудда ободонлаштириш бўйича сўнгги ишлар олиб борилмоқда. Кўплаб ишчилар плиткалар ётқизмоқда, гуллар, игнабаргли дарахтлар ва каштан кўчатларини ўтқазмоқда.
Қайд этишларича, ҳайкалнинг баландлиги 5,8 метрга, тагкурсисининг баландлиги эса 5,5 метрга тенг. Ҳайкалнинг очилиши Биринчи Президентнинг хотираси куни — 2 сентябрга қадар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)