«Даракчи» газетаси мухбири Садоқат Аллаберганова хонанда Гулсанам Мамазоитова билан интервью уюштирди. Суҳбат матнини «Darakchi.uz» нашри эълон қилди.
— Президентнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда эстрада санъатини танқид қилганларида шу соҳанинг вакили сифатида ижодингизга танқидий назар ташлаб, айбдорлик ҳиссини туйдингизми?
— Албатта! Нафақат менда, балки учрашувга йиғилганларнинг ҳаммаси айбдорликни ҳис қилди, назаримда. Маърузани эшита туриб, ёш халқ артисти сифатида қилишга улгурмаган ишларим, замонанинг зайли билан репертуаримда умрбоқий қўшиқларимнинг камлиги, кўпгина ижодкорлар қатори енгил-елпи қўшиқларни ҳам ижро этаётганим хусусида ўйланиб қолдим. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам тан олиш керак, санъаткорлар биринчи ўринга пулни қўядиган бўлиб қолганмиз. Бу каби ўйлар тинчлик бермади, шу соҳанинг жонкуяр вакили сифатида албатта, уялдим.
— Давлатимиз раҳбари ўз тажрибасидан келиб чиқиб, катта тадбирлар — Мустақиллик, Наврўз, Конституция байрамларини ўтказишда энг қийнайдиган, хунобни чиқарадиган эстрада дастури эканини айтдилар. Сиз ҳам бу каби ҳолатларни кузатган бўлишингиз керак...
— Эътибор берсангиз, Мустақиллик байрамида янграган қўшиқни Наврўз байрамида ҳам эшитиб қоласиз, байрам репертуари деярли бир хил. Давлат тадбири бўлгани учун қўшиқнинг сўзлари, мусиқаси, мусиқий сайқали, ижро маҳоратига эътибор бериш шарт. Шу нуқтаи назардан байрамда мухлисларнинг «чиғириғи»дан ўтган қўшиқлардан фойдаланишади.
— «Мухлисларнинг «Яна эски қўшиғини куйлабди!» деган эътирозлари асоссиз», демоқчимисиз?
— Ҳар бир байрамга камида иккита янги: халқона ва ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни тақдим қиламиз. Танлов эса байрам ташкилотчиларида қолган гап. Гоҳида камчилик ўзимиздан ўтиб, белгиланган тартиб-қоидага мос бўлмаган қўшиқ куйлаб қўямиз.
— Айб хонандаларнинг ўзида экан-да, талабга жавоб берадиган қўшиқ ёзолмаяпсизлар...
— Шундай дейсизку, йиллар ўтиб ўша қўшиқларимиздан ҳам фойдаланишяптида.
— Учрашувда «халқ артисти» деган унвон олиш учун санъаткор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этилгани ҳақида сўз юритилди, машҳур ҳофиз Таваккал Қодировни мисол келтирилди. Ҳақиқатда, Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров ҳамда Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова ва Райҳон Ғаниева. Қулоққа қандай эшитиляпти?
— Тўғри, унвон эгалари ёш жиҳатдан «ёшариб» кетяпти. Унвон бу — эътибор ва эътироф. Борди-ю, унвонга ёш бўла туриб сазовор бўлган бўлсак, билдирилган ишонч ва масъулиятни оқлашимиз шарт!
— Хонандаларнинг ўзига белгилаб қўйган марраси унвон олгунчами?
— Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди-да. Масалан, мен «халқ артисти» унвонига сазовор бўлганимда кўп нарсаларда ўзимга чек қўйдим. Аввало, фонограммада концерт беришдан воз кечдим, давлат тадбирларидан тортиб тўйларгача миллийлигимизни тарғиб қиладиган либослар кийишга эътибор қаратдим, интервью беришда ҳам ҳар бир гапимни ўйлаб гапирадиган бўлдим. Ростини айтаман, олдинлари бу жиҳатларга у қадар эътиборли эмасдим. Тўғри, унвонни ёш олдим, лекин бу менга фойда бўлди. Кибрланиб кетганим йўқ, аксинча ўта масъулиятли инсон сифатида шаклландим. Ижоддан тўхтаб қолганим ҳам йўқ. Йилига альбом чиқаряпман, битта бўлса ҳам клип суратга олиб тақдим қиляпман. Бу ижод маҳсулларим профессионал шоир ва бастакорлар билан ҳамкорликда ишланган. Қўшиқларимнинг баъзилари енгил бўлса-да, маъно-моҳияти бор. Йиллар ўтиб, ёш ижрочилар қайта куйласа бўладиган ва ўзим ҳам «Эҳ, шундай қўшиқлар куйлаган эканман», деб уяладиган қўшиқлар эмас.
— Фонограммада концерт бермаслик бу — қаҳрамонлик эмас, хонанданинг касбий вазифаси-ку!
— Лекин ҳамма хонандалар ҳам бу мажбуриятини ҳис қилмаяпти-да. Бизнинг оғриқли нуқтамиз ҳам шу. Авваллари фонограммадан фойдаланиб қўшиқ куйлаганимда ҳам мумтоз қўшиқларни жонли ижро қилмасликка уялардим. Ҳозир тўйларда ҳам жонли ижродан фойдаланяпман, ўзимга нисбатан талабчанлигим ошди, ўз устимда янада кўпроқ ишлайдиган бўлдим.
— Хонандаларнинг гоҳ Янгийўлу Шовот, гоҳ Янгиқўрғону Чироқчига тўйга қатнаши ҳам танқид қилинди. Сиз ҳам шу «кема»дасиз...
— Албатта. Сира тўй бирламчи бўлиб, тадбирлардан бош тортган эмасман. Яқинда ҳам Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига тадбирга бориб келдик. Истагим, ҳамкасбларим халқимизнинг яхши кунларида холис хизмат қилишдан қочишмасин. Пулли хизматдан холис хизматнинг мукофоти, савоби катта, деб ўйлайман.
— Юртбошимиз айтганларидек, дабдабали тўйларга барҳам беришга ҳисса қўшиш мақсадида мўмай пулдан воз кечиб, эшигингизни тақиллатиб келган одамга «Тўйингизга бормайман!» дея оласизми? «Гулсанамни фалон пулга олиб келдим», деган фикрлар ҳам дабдабали тўйлар ўтишига бир омил, ахир...
— Пулдан воз кечиб, «бормайман» дея оламан, лекин уларда ёмон таассурот қолдиришим мумкин. Моддий манфаатдан кечиб, холис хизмат қилган вақтларим кўп бўлади. Фақат миннатга кириб қолмасин, деб буни ошкор қилмайман.
— Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб лицензия олади, тамом. Ваҳоланки, хонандалар лицензияга тўлайдиган пулини битта тўйда топади. Гулсанам Мамазоитованинг тўй хизматлари нархи нимага қараб белгиланган?
— Ижодий жамоамнинг сонига қараб белгиланган. Лекин пойтахтдаги тўйларга чиқадиган ҳамкасбларим оладиган хизмат ҳақининг тенг ярмига бораман тўйларга. Имконияти йўқларнинг албатта, шароитига қарайман.
— Эфирга берилаётган баъзи клип, қўшиқ ва рақсларни кузатиб, «оммавий маданият» таҳдидини сезиш қийин эмас. Ғарбга тақлид сезилиб турадиган бундай «ижод намуналари»ни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмайди. Шу маънода мана шундай клиплар ишлаётган, қўшиқлари саёз ҳамкасбларингизга нималар деган бўлардингиз?
— Хатони тўғрилаш учун ҳали ҳам кечмас. Мусиқий билими йўқлар икки соат ресторанда ўтириш ўрнига педагогларнинг олдига бориб сабоқ олсин, ўз устида ишласин, аввало адабий тилимиз ва чет тилларини ўргансин. Шу йўсинда камчиликлар бартараф этилса, танқидларга ўрин қолмайди.
— Президентимиз ҳам санъатда 50 фоиз соҳавий билими йўқлар ишлаётганини таъкидладилар. Профессионал ижодкор сифатида саҳнани қизғанмайсизми?
— Авваллари қизғанардим, ҳозир йўқ. Чунки ҳақиқатни ҳамма ҳам тўғри қабул қилмас экан. Бир интервьюимда очиқ-ойдин гапиргандим, кўпчиликка яхши кўринмадим. Бир-биримиз билан салом-алик қилмасак-да, бошига иш тушса ҳамдард бўламиз, касбдошмиз, аввало ўзбекмиз! Шахсан мен санъаткорлар оиласида туғилганман ва шу соҳада билим олганман. «Ҳамкасблар»им соҳавий билимга эга бўлмагани учун ҳам қилаётган ишини ўзи учун тўғри деб билади. «Қўшиқ ёздим, мухлисларга ёқди, мўмай даромад топяпман», дея бугунги кун билан яшайди, уларни эртанги кун ташвишга солмайди. Энг ёмони, ўз ортидан эргаштириб, ёш авлодни ҳам шу йўсинда яшашга ўргатиб қўйишяпти. Уларни бу «ботқоқ»дан олиб чиқиш учун ўқитишимиз, тўғри йўл кўрсатишимиз керак, агар қабул қилса, албатта. Ҳаваскор «шифокор»га ҳаётимиз, соғлигимизни ишониб топшириб қўймаймиз-ку, нега маънавиятни эътирозсиз «ҳаваскор»лар қўлига тутқазяпмиз. Устозимиз Озодбек Назарбеков маънавиятни бузаётганларни қонуний жавобгарликка тортиш ҳақида ўринли фикр айтди.
— Бугун эстрада неча фоиз тадбиркорлик бўлиб қолди?
— 80 фоиз тадбиркорлик. 20 фоизини эса профессионал иқтидорлар ташкил қилади.
— Гулсанам Мамазоитова 80 фоиз сирасидами ё 20?
— 20 фоизнинг ичидаман. 80 фоиз тадбиркорлик билан курашда телевидение ва радионинг ҳам ўрни катта. Маданият ва санъатимизни тарғиб қиладиган ОАВ бўлгани боис моддий манфаатдорликни четга суриб, енгил-элпи эмас, кишига маънавий озуқа берадиган ижод маҳсулларини «прома» қилиши керак. Агар улар эстрадага қаратаётган эътиборини миллий йўналишга бурса, кўзланган мақсадга эришилади. Биргина мисол, миллий йўналишдаги қўшиқларимни ОАВларга олиб борсам, баъзилари «бизнинг форматдаги қўшиқмас, қабул қилмаймиз», дейди. Кечирасиз-у, миллий қўшиқларимиз ўзбек ОАВ ва тўйларида янграмаса, қаерда янграйди, бу ижод маҳсулларимизни қаёққа олиб борайлик?
— Телевидение, радиоларда бадиий кенгаш йўқлиги шундай салбий оқибатларнинг кучайишига сабаб бўляпти...
— Балки у ерда ҳам дипломсиз, соҳа мутахассиси бўлмаганлар ўтиргандир...
— «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хонандаларга категория белгилаб, мусиқий билимига қараб лицензия беришни жорий қилса ва телевидение, радиога шу асосда чиқариладиган бўлса-чи?
— Категория масаласида фикрингизга қўшиламан. Мусиқий билими йўқларга эса соҳа бўйича таълим олмагунича, лицензия бериш керак эмас. Шоу-бизнесни тартибга солмоқчи бўлишса, шу ҳақда ўйлаб кўришса яхши бўларди.
— Бугунги кунда санъаткор одоби, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи масаласи ҳам катта муаммолардан бири бўлиб қолди. Хушовоз хонанда Санобар Раҳмоновадек ҳамкасбларингизни санаб бероласизми, бармоқларингиз ортиб қолмайдими?
— Санаб ўтган омилларингиз ҳозир аввалгига нисбатан анчайин яхшиланган. Тадбирларга «Осиё рамзи» дизайнерлар ва моделерлар уюшмаси бошқаруви раиси Холида Комилованинг назорати остида чиқамиз. Телевидениедаги раҳбарларга балки айрим ҳамкасбларимнинг клиплари ёқаётгандирки, эфирга эътирозсиз беришяпти (кулади). Лекин ҳақсиз баъзи аёл хонандалар мажлисларга шортик, тўйларга майкада кириб боришяпти.
— Президентимиз «Ўзбекистон халқ артистлари» клубини ташкил этиб, мазкур клуб аъзолари мунтазам йиғилишиб, юртимиз ва жаҳон санъат оламида юз бераётган ижодий жараёнларни муҳокама қилиб, тилга олинган камчилик ва муаммоларни ечиш, ёш истеъдодлар тарбияси, маданиятимизни равнақ топтириш бўйича янги ғоя, ташаббус ва таклифлар билдириб бориш таклифини бердилар. Айтилганидек, Гулсанам Мамазоитова йил якунида клубнинг энг фаол аъзоси сифатида эътироф этилиб, рағбатга лойиқ кўрилармикан?
— Жудаям умид қиламан! Ижодимдан ташқари санъатнинг ривожига фойдам тегса, бошим осмонга етарди, очиғи буни орзу қилардим.
— Ўзбекистон халқ артистларининг ҳар бирига биттадан санъат коллежи ё мусиқа мактабларига бориб раҳбарлик қилиб, юзлаб шогирдлар етиштиришни тайинладилар. Гулсанам Мамазоитова қай бирига раҳбарлик қилади ва шогирдлари нимаси билан бошқалардан ажралиб туради?
— Қай бирини муносиб кўришса, ўша ерга бораман. Шогирдларимдан эса биринчи навбатда пухта билим олиш, тарбияси, ички маданиятининг гўзаллигини талаб қиламан. Чунки овози зўр дегани бу — кўнглига келган ишни қилиш ҳуқуқига эга, дегани эмас.
— «Истиқлол» санъат саройининг мавқеи тушиб кетмадими? Ахир бу санъат саройи санъаткорлар учун орзу даражасида бўлиши керак эмасми?
— Аслида шундай бўлиши керак. Концерт залдан тижорат услубида фойдаланилаётгани учун бугун шу аҳволга келиб қолди. Очиғи, санъат ўнинчи даражага тушиб қолган, пул бирламчи. Учрашувдан тўғри хулоса чиқарган бўлишса, аҳвол яхшиланиб, эҳтимол, биз ҳам «Истиқлол» санъат саройида концерт беришга яроқсиз бўлиб қолармиз (кулади). Фаррух Зокиров, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Зулайҳо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, Кумуш Раззоқова каби фақатгина устоз санъаткорларимиз концерт беришса ҳам розиман ва шогирд сифатида бундан фақат хурсанд бўламиз, ўрнак оламиз.
— Мавжуд камчиликларни бартараф этишда Гулсанамнинг саломга яраша алиги қандай бўлади?
— Ҳар бир ташкилотда шоир, бастакор, клипмейкер, дизайнер, журналист каби соҳани тушунадиганлардан иборат бадиий кенгаш ташкил қилиш керак. Энг муҳими, профессионал мутахассисларимиз етарли, фақат уларни бирлаштириш лозим. Ва бу ишнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси туриши керак. Йўқса, бари эски ҳаммом, эски тос бўлиб қолаверади.
— Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳозиргидек эмас, талаб даражасида ишлаши шарт!
— Президентимиз билан бўлган учрашувдан сўнг чиқарилган тўғри хулосалар натижаси вақти келиб, албатта бўй кўрсатади ва ўзбек санъати биз хоҳлаган натижаларга эришади.
Изоҳ (0)