Онколог-диагност, жарроҳ ва оғир касалга қаровчи ҳамшира — сунъий интеллект секин-аста тиббиётда инсон ўрнини эгалламоқда, деб ёзади Forbes.
Сунъий интеллект кечагина машиналар учун ёпиқ бўлиб кўринган соҳаларда ҳам инсонга ёрдам бермоқда. Роботлар беморларга қаровчи, ёлғиз кекса кишилар учун шерик бўлмоқда ва ташхис аниқлиги ҳамда жарроҳлик операциялари маҳорати бўйича малакали шифокорлар билан рақобатлашмоқда. БCG’нинг баҳолашича, 2022 йилдаёқ тиббиёт робот техникаси бозори 8 миллиард долларга етади. Унда автоматлаштирилган ташхис қўйиш (1,3 миллиард доллар), хавфни баҳолаш ва бемор учун тегишли муолажани ишлаб чиқиш (2,8 миллиард доллар) энг катта улушни эгаллайди.
Тиббиётдаги роботлашув икки йўналишда ривожланмоқда. Бу биринчидан, даволаш ва ташхис қўйишнинг аввал имкони бўлмаган инновацион технологияларини жорий қилиш бўлса, иккинчи йўналиш даволаш жараёнини ташкил этиш харажатларини сезиларли даражада оптималлаштириш имконини берувчи тизим ва аппаратларнинг пайдо бўлишига тааллуқли.
Сунъий интеллект технологиялари тиббий манипуляциялар аниқлиги ва самарадорлигини ошириш имконини беради. Аccурай компанияси 1987 йилдаёқ дунёга намойиш этган кибер-пичоқ (CyberKnife) аппаратининг муваффақияти айнан шу билан изоҳланади. Дунё бўйича биринчи ва ягона роботлаштирилган радиожарроҳлик тизими исталган жойда пайдо бўлган янги нарсани даволаш учун мўлжалланган ва ёмон сифатли ҳужайраларга фотонларни субмиллиметрли аниқликда етказишга қодир. Бугун дунёда 250 дан ортиқ кибер-пичоқ ишламоқда. Universal жарроҳ-робот Da Vinci дунё бўйлаб юзлаб клиникаларда муваффақиятли қўлланилмоқда.
2013 йилдан бошлаб АҚШнинг бир нечта клиникаларида онколог-диагност сифатида IBM Watson суперкомпьютеридан фойдаланилмоқда. Сунъий супермия онкологик хасталиклар кечиши ҳақидаги катта миқдордаги таҳлилий маълумотларга таяниб ташхис қўйиш аниқлиги ва тезлиги бўйича ўртача шифокорни ортда қолдиради.
Робототехника тараққиётидаги иккинчи глобал тренд бир хил ташхис ва даво муолажаларини бажаришга ихтисослашган тиббий муассасалар учун катта қизиқиш уйғотади. Мутахассисларга уларнинг профессионал функцияларини бажаришга ёрдам берувчи роботлар аниқликни талаб қилувчи бир хил оғир иш ва ҳаракатларни инсондан тезроқ ва яхшироқ бажара олади. Ходимларни ҳолдан тойдирувчи ва такрорланувчи вазифалардан озод қилган машиналар нафақат меҳнат унумдорлигини оширади, балки ходимларнинг ишдан қониқишини ҳам таъминлайди. Масалан, Япониянинг HOSPI тизими шифохона беморларига дори воситаларини ташиш ва тарқатишда тиббий ходимлар ўрнини эгаллади. RP-VITA роботи эса шифокорга бемор билан масофадан туриб гаплашиш, зарурат бўлганда унинг ҳарорати, қон босими ва бошқа маълумотларини олиш имконини беради.
Япония, АҚШ ва Европанинг баъзи мамлакатларида бугунги кунда ҳам кекса ва ногирон кишилар тиббий парваришини роботлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. VGо оғир беморларга қаровчи роботлар беморлар соғлиғининг тикланишига ёрдам бериб, уларнинг ташқи дунё билан алоқасини сақлаб туради. Япониянинг NSK компанияси Lightбот етакловчи роботлари учўлчамли датчик ёрдамида кўзи ожиз инсонларга шаҳар бўйлаб хавфсиз ҳаракатланишга кўмак беради. Япониянинг PARO роботи (AIST ишлаб чиқарган) Гренландия тюлени боласини эслатади. У 2000 йилларнинг бошидан буён шифохоналарда зоотерапия муқобили сифатида қўлланилади: у билан мулоқот қилиш бемор болалар ва қарияларни тинчлантириб, ижобий кайфият бағишлайди.
Клиникани босқичма-босқич роботлаштириш
Робототехника соҳасида устунликни қўлга киритиш рақобатчиларни ортда қолдириш ҳамда ташхис, муолажа ва тиббий парвариш сифатида барқарор даражага эришиш учун технологиялардан фойдаланишнинг кутилмаган усулларини қидиришни кўзда тутади.
Биринчи навбатда, бизнес-жараённинг қайси қисмини роботлаштириш компанияни қўшимча қиймат билан таъминлашини аниқлаб олиш зарур. Шаклланган бизнес-моделга сунъий интеллектни жорий этиш стратегик қарор бўлиб, у нафақат жиддий инвестиция, балки муассасани қайта ташкил этишнинг узоқ муддатли дастурларини барпо этишни талаб қилишини тушуниш лозим. Ушбу дастурларни рўёбга чиқариш учун анча вақт кетади, шу сабабдан рақобатчиларни ортда қолдириш учун уни бошлашни кечиктирмаслик зарур.
Кейинги қадам — тайёр аппарат/дастурий маҳсулот ва индивидуал ечим ишлаб чиқишдан бирини танлаш. У катта вақт ва пул сарфлашни тақозо этади, бироқ компанияга ўз соҳаси бозорида узоқ муддатли етакчиликни таъминлашга қодир. Ана ундан кейин амалий ҳаракатларга ўтиш мумкин: синов ва тажриба роботлаштирилган дастурларини буюртма бериш ва апробация қилиш, инфратузилмани қайта қуриш учун инвестиция киритиш, шаклланган бизнес-моделни қайта тушуниб етиш устида иш олиб бориш кабилар шулар жумласидандир.
Энг катта ўзгаришлар кадрлар сиёсатига дахлдор бўлиши шубҳасиз. Бу нафақат штат жадвалини қайта кўриб чиқиш, балки клиника ходимларига қўйиладиган янги талабларни ҳам ўз ичига олади. Ҳозирги вақтда сунъий интеллект билан қўлни қўлга бериб ишлашга тайёр кадрлар меҳнат бозорида деярли йўқ.
Роботлаштиришга қарор қилган компаниялар ходимларни қурилмалар, дастурлаштириш, фойдаланиш ва робототехника учун дастурларни қўллаб-қувватлаш кўникмаларига ўқитишни мустақил ташкиллаштириши зарур бўлади. Қолаверса, дастурлаштирилган маҳсулотларнинг деярли барча илова ҳужжатлари инглиз тилида бўлганлиги сабабли бу жараён ходимларнинг инглиз тилини билишини ҳам талаб қилади.
Сунъий интеллектга эга кооперация ходимларнинг асосий профессионал малакасига бўлган талабларни ўзгартиради. Оддий, тизимлаштирилган ва бир хил манипуляцияларни роботлар ўз зиммасига олганлиги туфайли шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларида мураккаброқ ва ижодий вазифалар учун бўш вақт пайдо бўлади. Бундай вазифаларни муваффақиятли бажариш эса чуқур билим ва янги кўникмаларни талаб қилади.
Ва нихоят, тиббий муассаса раҳбарлари ўз иш жадвалига яна бир вазифа: умумий тамойиллар ва соғлиқни сақлаш тизимини роботлаштириш қоидаларини ишлаб чиқиш учун ўзи каби инновацион кайфиятдаги ҳамкасблари, ишлаб чиқарувчи компаниялар ва давлат ҳокимияти вакиллари билан биргаликда иш олиб бориш вазифасини киритиши лозим.
Тўрт йил аввал ўз робот ишлаб чиқаришига эга бўлмаган Хитой бугун робототехника соҳасида дунёвий етакчи ўрнини мустаҳкам эгаллаган.