Самарқанд вилоятида 2017 йилнинг олти ойида олти нафар она ва 283 нафар гўдак ўлими қайд этилган. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси томонидан эълон қилинган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ахборотида айтилган.
Ахборотда оналар ва гўдаклар ўлими 2017 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмагани таъкидланган.
«Газета.uz»нинг Давлат статистика қўмитасига таяниб маълум қилишича, 2017 йилнинг дастлабки олти ойида республика бўйича бир ёшгача бўлган болаларнинг 3900 та ўлими қайд этилган. Болалар ўлимининг юқори кўрсаткичлари Тошкент, Хоразм, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган.
Бир ёшгача бўлган болалар ўлими умумий сонининг 56,2 фоизи перинатал даврда юзага келган ҳолат сабабли юз берган. Умумий ўлимнинг 23,2 фоизи нафас олиш аъзолари касалликлари сабабли, 11,8 фоизи туғма аномалиялар, 3 фоизи юқумли ва паразитар касалликлар, 1,3 фоизи бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар, 0,2 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 4,3 фоизи эса бошқа касалликлар сабабли юзага келган.
Изоҳ (0)