25 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади. Аввалроқ бу ҳақда норасмий хабар берилди, эндиликда ЎФФ матбуот хизмати уни расман маълум қилди.
Беллашув Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Унга хориждан ҳакамлар таклиф этиладими ёки одатга кўра ўйин ўзбекистонлик рефериларга ишониб топшириладими — маълум эмас.
Самвел Бабаян унда иштирок этадиган футболчилар номини кейинроқ ошкор қилади. Катта эҳтимол билан Қирғизистонга қарши ўйинда терма жамоанинг асосий легионер футболчилари иштирок эта олмаслиги мумкин.
Ўзбекистон терма жамоаси бундан бир йил муқаддам ҳам Қирғизистонга қарши ўйин борасида келишувга эришган бўлиб, кейин уни ўз ихтиёри билан уни йўққа чиқарганди.
ЖЧ—2018 саралашининг ҳал қилувчи палласида турган Ўзбекистон 31 август куни сафарда Хитой билан ўйнайди, 5 сентябрь куни эса Тошкентда Жанубий Кореяни қабул қилади. Қирғизистонга қарши ўйин мана шу расмий беллашувлар олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Изоҳ (0)