Самарқанд вилоят матбуот уйида 1 августда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган давлат тест синовларига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Йиғилишда таъкидланишича, тест синовларига телефон ва бошқа алоқа воситаларини олиб киришга уринган абитуриентлар синовга киритилмайди. Бу ҳақда «Zaraфшон тонги» газетаси хабар берди.
Йиғилишда таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом»га кўра, синов ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалкулятор, уяли телефон ва бошқа алоқа воситалари, китоб, луғат, жадвал, «шпаргалка» олиб кирса, ёки олиб киришга ҳаракат қилса, далолатнома тузилиб тестдан четлаштирилади.
Шунингдек, абитуриент имтиҳон давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узаца ёки унга ёрдам берса, ажратилган вақт тугагандан кейин тест материалларини топширишдан бош торца, саволларни аудиториядан ташқарига чиқарса, саволлар китобини йирца ҳам тест жараёнидан чиқариб юборилади.
Газетанинг ёзишича, бу йил абитуриентлар тест синовларини эрта топширганидан қатъий назар белгиланган вақт тугаганидан кейингина бинодан чиқарилади.
Хабар қилинишича, жорий йилда Самарқанд вилоятидаги 7 та олий таълим муассасаси бакалавриат таълим йўналишларига 7014 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган.
Ушбу ўринлар учун 15 июндан 15 июлга қадар 63 минг нафар абитуриент олийгоҳлар қабул комиссияларига ҳужжат топширган.
Изоҳ (0)