КХДР билан музокаралар вақти ўтди, ва БМТ Хавфсизлик кенгаши кетма-кет ракеталар синови учун Пхеньянга қарши санкцияларни кучайтириши керак. Бундай позицияни АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
У КХДРга нисбатан чекловларни сезиларли тарзда кучайтирадиган резолюция қабул қилмасдан, Хавфсизлик кенгаши учрашувини ўтказишни мантиқсиз деб атади. «Агар шошилинч сессия ҳеч қандай натижаларга олиб келмаса, уни ўтказишдан маъно йўқ», — дейилади дипломатнинг ёзма баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, кучсиз ҳужжатни қабул қилиш — «ҳеч нарса қилмасликдан ҳам ёмонроқдир, чунки бу Шимолий Корея диктаторига халқаро ҳамжамият у билан жиддий курашишга тайёр эмаслиги ҳақида сигнал юборади».
Шу билан бирга, Хейли Хитойга Хавфсизлик кенгаши томонидан Пхеньянга қарши жавоб чоралари қабул қилиниши учун алоҳида масъулиятни юклади. «Хитой ушбу муҳим чорани қабул қилишга тайёрлиги юзасидан қарор қилиши керак. Музокаралар вақти ўтди. Шимолий Корея режими халқаро ҳамжамият учун соладиган хавф энди барча учун яққол», — дейилади баёнотда.
Изоҳ (0)