Бухоро вилоятида Давлат тест имтихонлари саволларини ишлаб беришни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди, деб хабар берди Бухоро Вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Бухоро вилояти Олот тумани яшовчи Бухоро Муҳандислик ва Технология институти илмий ходими Ж.Ёқубов ушбу институтнинг 1-босқич талабаси Элёр Давронов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, фуқаро О.Қулмуродовани 400 АҚШ доллари эвазига Бухоро Муҳандислик ва Технология институтида бўлиб ўтадиган Давлат тест синовлари вақтида тест синовларини ечиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 100 АҚШ долларини олаётган вақтда далилий ишё билан қўлга олинди.
Худди шунингдек, Шофиркон туманда яшовчи, Бухоро таъмирлаш механика заводидада муҳандис бўлиб ишлайдиган А.Ғафуров шериги Э.Қайимов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Бухоро шаҳрида яшовчи Г.Қурбоновани 4300 АҚШ доллари эвазига Бухоро Давлат Университетида бўлиб ўтадиган Давлат тест синовлари вақтида тест синовларини ечиб беришни ваъда қилиб, 4300 АҚШ долларини олаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)