Жарроҳлик эркаклар касби ҳисобланади: у оилага кам вақт қолдиради, катта жисмоний чидамлиликни ва матонатни талаб қилади — бу сифатларни кўпчилик аёлларга хос бўлмаган сифатлар деб ҳисоблайди. Meduza шифокорликка ўқиб, жарроҳлик билан шуғулланишга қарор қилган қизлар, шунингдек, аёллар ишлайдиган жарроҳлик бўлими бошлиғи билан суҳбат уюштирди.
Олга Лопушанская, жарроҳ, кўкрак қафаси онкологияси ҳамда бош ва бўйин ўсмаларига ихтисослашган
«Мен шифокорлар оиласиданман. Отам — ҳарбий жарроҳ, болалигимнинг маълум бир қисмини гарнизон госпиталида ўтказганман. Олтинчи-еттинчи синфдалигимдаёқ отамнинг операциясига киришга рухсат сўраганман. Биринчи саралаш — жарроҳ ёки жарроҳ эмаслик киши биринчи марта операцияга кирган босқичда юз берса керак. Ўшанда бу физиология сенга яқин ёки яқин эмаслигини тушуниб етасан. Гангрена туфайли (некроз, тўқималарнинг ўлиши) оёқларни кесиб ташлаш операцияси мени сира чўчитмади. Университетда жарроҳлик, шошилич қисмнинг қабул бўлимида навбатчилик қилганман. Отам жарроҳлик оғир жисмоний меҳнат эканлигини таъкидлаб, мени бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилган. Бироқ мен умумий жарроҳликни танладим ва бундан афсусланмайман. Ота-онам ҳозир мени қўллаб-қувватлашади.
Дастлаб умумий жарроҳлик интернатурасида эдим, кейин онкология бўйича ординатурани давом эттирдим. Дастлаб бош ва бўйин ўсмалари бўлимида ишладим. Бу жуда қизиқарли ва ноёб мутахассислик. Масалан, ўсмани олиб ташлагандан сўнг юзда катта нуқсон қолиши мумкин, шунинг учун операция якунлаш манёврлари албатта бирор пластик компонент билан якунланиши лозим. Кўпинча бундай операцияларнинг натижаси — ҳақиқий сеҳргарлик.
Охирги йилларда торокал онкология (кўкрак қафаси органлари онкологик хасталикларига бағишланган тиббиёт соҳаси) билан шуғулланмоқдаман.
Аёл киши жарроҳ бўла олмаслигининг объектив сабаблари йўқ деб ўйлайман. Бу иш қўлидан келмаганлар, бирор шахсий муаммолари бор инсонлар ҳар доим топилади, бироқ менинг ишлашимга ҳеч ким халақит бермаган. Жисмоний жиҳатдан, аёллар баъзан эркакларга қараганда чидамлироқдек туюлади. Аёл киши декретга кетганда унинг кўникмалари бироз йўқолади, бироқ уларнинг барчаси жуда тез қайта тикланади.
Эркаклар коллективида ишласанг, бироз вақтдан сўнг ўзларининг одамига айланасан. Бироқ бундан аёллик назокатини йўқотмайсан. Жарроҳ бўлиш билан бирга аёллигингни сақлаб қолишинг мумкин. «Аёл-жарроҳ — денгиз чўчқасига ўхшайди: аёл ҳам эмас, жарроҳ ҳам» деган маъносиз иборанинг ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Жарроҳ бўлишни истасанг, бутун бўш вақтингни унга бағишлашга тайёр турасан. Бу навбатчиликлар, кўп ҳолатларда шошилинч операциялар. Суткалаб уйда бўлмаслигинг мумкин. Ҳамма аёллар ҳам бунга рози бўлавермайди. Беш ёки ўн йил кейин нима бўлишини башорат қила олмайман, бироқ ҳозир ўзимга ёққан иш билан шуғулланаяпман ва ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман».
Албина Мухомедярова, онкоуролог
«Иккинчи курсдан бошлаб навбатчиликка бора бошладим. Уларда талабалар кечаси клиникада қолиб, операцияларда иштирок этади. Мен онкология бўлимида эдим ва жуда илҳомландим: у менга Антарктидадек туюлди, уни ўрганиш керак, у шифокорлар учун кашф этилмаган нарсалар жуда кўп бўлган улкан майдон. Охирги ўн йил ичида онкология соҳасида юз берган нарсалар инсонни ҳайратга солади: аввал мутлақо давосиз ҳисобланган хасталикларга янгича ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Кўз ўнгингда шунчалик кенг кўламли нарсалар юз берганда, бунда албатта иштирок этишинг лозимлигини тушуниб етасан.
Герсен номидаги Москва онкология институти ординатурасида ўқий бошладим ва онкоурология бўлимида ишлаётганимда бу жарроҳлик менга жуда ёқиб қолди.
Янги асбоблар ва усулларнинг пайдо бўлиши билан операция вақтини қисқартиришга эришилди. Бироқ ҳозир ҳам аввалгидек аёллар оиласи учун кўпроқ жавобгар ҳисобланади. Шу сабабдан улар декрет таътилига кетади, тажриба ва кўникмаларнинг эса жарроҳликда ўрни жуда муҳим.
Бироқ меҳнатсевар ва ўз касби деб ёниб яшовчи кишилар севимли касбида қолиш имкониятини топишига ишонаман. Ҳозир ёш йигитлар, аспирант ва ординаторлар билан бир хил шароитдамиз, тенг шароитларда ўқимоқдамиз. Ишлаш учун келдингми, ишлайсан. Бу ерда қайси жинс вакили эканлигинг муҳим эмас, ҳеч ким қиз бола эканлигинг учун кўпроқ ғамхўрлик қилмайди. Соат олти бўлди, уйга кетдим, дейишинг мумкин. Албатта беморингни ёлғиз қолдирмайдиган навбатчи шифокорлар бор. Бироқ бу сен яқиндагина операция қилган ўз беморинг-ку. Қандай уни қолдириб, уйга кетиш мумкин? У оёққа туриб, уйга кетгандан сўнг енгил нафас олиш мумкин.
Мен ва ҳамкасбларим тажрибасидан келиб чиқиб тиббиётда ‘дам олиш’ ва ‘таътил’ тушунчалари ноаниқ тушунчалар эканлигини айтишим мумкин. Биринчи беч-етти йил янги нарсани ўрганиш, бирор янги операцияда қатнашиш учун жон-жаҳдинг билан киришасан. Қайсидир лаҳзада охирги йилда бир ҳафта ёки икки ҳафта таътилда бўлганлигингни англайсан.
Мен иш ва шахсий ҳаётни бирга олиб бориш мумкин деган қатъий фикрдаман. Институтда ўқиганимда кўпчилик жарроҳликдан қайтаришга уриниб, бироз қўполлашиб қолган аёлларни мисол келтиришган. Лекин танишларим орасида бунақа аёллар йўқ. Атрофимда сира қўполлашмаган, мафтункор ва ёқимли қизларни кўраман».
Екатерина Барон, ординатор, ихтисослиги колоректал жарроҳлик
«Илк бор лапароскопни қўлга олганимда, уни севиб қолганман. Замонавий колоректал жарроҳликнинг ярмидан кўпини лапароскопик операциялар ташкил қилади. Абдоминал жарроҳликни жуда ёқтириб қолдим, бироқ ‘юқори қават’ (ошқозоности бези, ошқозон, жигар) — бу ҳақиқатда эркакларнинг иши. Бу операциялар ўн соатлаб давом этади, бироқ гап бунда ҳам эмас, гап шундаки, операция хонасидан чиққанингдан сўнг иш кунинг бошланади. Сен касалларинг билан шуғуллана бошлайсан, уларнинг кўпчилиги эса оғир аҳволда бўлади.
Юқоридаги вазиятларни ҳисобга олмаганда ҳам, жарроҳлик — бу ҳақиқатан ҳам баъзи истиснолардан ташқари мутлақо эркаклар касби. Катта жарроҳлик учун бошқача фикрлаш лозим, қарор қабул қилиш эса эркаклар ва аёлларда барибир фарқ қилса керак деб ўйлайман. Бу фавқулодда вазиятларда кузатилади. Жуда озчилик аёллар совуққонлик билан, тез ва ҳиссиётларсиз қарор қабул қила олади.
Қолаверса, бу касб ўзига бўлган ишонч билан боғлиқ. Ўзига бўлган ишончи эркакларникидек кучли аёлни учратиш қийин бўлса керак. Аёлларни у хато қилаётганлигига ишонтириш осонроқ.
Қизлар камдан-кам ҳолатларда мақсадли равишда жарроҳликка ўқитилади — чунки улар барибир декретга чиқади. Бу гапни тез-тез эшитиш мумкин. Энг қайғули жиҳати, улар қисман ҳақ бўлиб чиқади. Ҳар қандай жарроҳ у икки ҳафталик таътилга чиққанда ишга увушган қўллар билан қайтиши ва бироз ўзига келиши кераклигини яхши билади. Декрет эса жарроҳлик столисиз бир-икки йилни англатади.
Аёллар ҳуқуқи ҳақида эмас, тиббиёт ҳақида сўз юритганда биринчи ўринда беморлар эканлигини тушуниш лозим. Узлуксиз иш учун эса эркаклар яхшироқ. Ҳозирда жиддий жарроҳлар — бу 23 ёшидан кунига 12 соатдан, танаффусларсиз ишлаган эркаклардир.
Илк бор жарроҳлик бўйича навбатчиликка тўртинчи курслигимда борганман. Ҳар куни бу аёллар ихтисослиги эмаслиги ҳақида гапиришади ва буни кўрсатишади. Баъзилар эса аёлларга жарроҳ бўлишга ёрдам бериб, уни ҳаётини бузасан деган фикрда ҳам бўлишади. Бироқ аёл киши жарроҳликка жиддий қарор қилган бўлса, унга ўғил болаларга қараганда уч марта кўпроқ талаблар қўйилади. Сен қилган хатолар бошқачароқ қабул қилинади».
Глеб, жарроҳ, абдоминал онкология бўйича ихтисослашган
«Аёл-жарроҳлар ва эркак-жарроҳларни профессионал сифатлар бўйича таққослаб бўлмайди. Агар аёл профессионал бўлса, демак у профессионал. Бироқ жарроҳликда мукаммалликка эришиш учун жуда кўп вақт сарфлаш керак. Бу масалада эса тафовутлар юзага кела бошлайди. Аёллар мутахассис бўлишининг қийин жиҳати, уларнинг қўли ёки боши ёмонроқ эканлигида эмас, шунчаки бунга вақтлари етарли эмаслигида. Мамлакатимизда ва чет элда жуда кўп ажойиб жарроҳларни биламан. Бироқ буюк жарроҳ бўлган аёлларни бармоқ билан санаш мумкин. Афсуски, уларнинг шахсий ҳаёти унчалик яхши эмас, чунки улар уни қурбон қилишга мажбур.
Аёл жарроҳлар сони ошганлигини пайқамадим. Бироқ ўқишга кўпроқ қизлар келаяпти. Баъзан улар пушти кўзойнакда келишади, инсон ҳаётини қутқариш ҳақида ўйлайди. Кейин эса бу тер, ахлат, пешоб, маст беморлар, қўпол кишилар билан боғлиқ эканлиги ойдинлашади. Шунинг учун бошида умид берадиган қизлар ҳам вақт ўтиши билан ‘бу мен учун эмас экан’ деган қарорга келади. Уларни ҳеч ким мажбурламайди. Улар ёки катта жарроҳликдан кичиги — гинекология, маммологияга ўтади, ёки поликлиника ишига ўтиб кетади.
Бизда қолиб ишлаётган қизларга чин кўнгилдан ачинаман. Чунки ишга келаман — улар аллақачон ишда, ишдан кетаман — улар ҳамон ишда. Бу вақтда уларнинг тенгдошлари тунгги клубларда, йигитлари билан ресторанларда эканлигини яхши тушунаман. Улар эса ишда. Уларнинг қандай ишлашидан жуда мамнунман, раҳбар сифатида бахтлиман, бироқ бу қизларнинг йигити сифатида қарасам, бундай туйғуларни ҳис этмаган бўлардим.
Туғруқ таътили аёлларнинг касб йўлига жуда катта таъсир кўрсатади. Декрет — бу фақат бир ярим йил давомида ишламаслик эмас. Бола ўса бошлайди, касал бўлиб қолади — бу ҳам вақт ажратишни талаб қилади. Бугунги кунда технология шунчалик тез ривожланаяптики, аёлларнинг декретга кетиши бу энд оф сторй, ҳаммасини бошидан бошлаш кераклигини англатади. Бироқ бу илм-фанда. Жарроҳлик эса бунча тез ўзгармайди, унга етиб олиш мумкин. Бироқ бунинг учун ишни бошлаган пайтдагидек қатъият керак. Аёлларнинг эса фарзанди, эри ва оиласи бор.
Жарроҳлик бўлимида аёл кишининг ишлаши эркак ходимлар ва беморлар учун эмоционал жиҳатдан плюс. Кўпинча беморлар даволовчи врач аёл киши бўлишини истайди, чунки меҳрибонлик, раҳмдиллик ва ҳамдардлик туйғулари аёлларда кўпроқ деб ўйлайман. Профессионал жиҳатдан аёллар ва эркакларни ажратмайман, лекин бу нуқтаи назардан аёллар яхшироқ».
Изоҳ (0)