Жанубий Корея қуролли кучлари КХДР томонидан яқин орада ракета учиришга тайёргарлик аломатларини кузатаётгани йўқ. Бу ҳақда Сеулда бўлиб ўтган брифингда Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмитаси расмий вакили маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Ҳозирда Шимолий Корея ракетаси яқин орада учирилишининг ҳеч қандай аломатлари йўқ. Шу билан бирга, КХДРнинг эҳтимолий фитна қўзғовчи ҳаракатларини кузатишда давом этмоқдамиз», — деди қўмита вакили.
Yonhap агентлигига кўра, ракета учирилиши санаси одатда об-ҳаво шароитларидан келиб чиқиб белгиланади, айни вақтда эса Кусон шаҳри ҳудудида ёмғир кузатилмоқда.
CNN телекомпанияси 24 июль, душанба куни Пентагон манбаларига таяниб, Шимолий Корея ҳафта мобайнида навбатдаги ракета учирилишига тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди. Кузатувчилар мазкур парвоз 1953 йил 27 июлда имзоланган Сулҳ тўғрисидаги келишув санасига бағишлаб амалга оширилишидан хавфсираганди.
Изоҳ (0)