Американинг Apple компанияси iPod shuffle ва iPod nano рақамли аудиоплеерларини ишлаб чиқаришни тўхтатади, деб ёзади «ТАСС» компаниянинг қатор ОАВларда эълон қилинган баёнотига таяниб.
«Бугун биз iPod линейкамизни соддалаштирамиз, иккита iPod touch модели энди хотираси икки карра кенгайтирилган ҳолда тақдим этилади, минимал қиймати 199 долларни ташкил қилади, ва биз iPod shuffle ва iPod nano’ни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаймиз», — дейилади хабарда.
iPod touch қурилмалари энди 32 ва 128 Гб хотира билан таклиф этилади, нархлари тегишли равишда 199 ва 299 доллар бўлади. 16 ва 64 Гб хотирали моделлар энди сотилмайди.
iPod shuffle ва iPod nano аллақачон Apple тармоқ дўконидан олиб ташланди, аммо АҚШдаги қатор савдо марказларида бир қанча вақт давомида моделнинг сўнгги нусхаларини сотиб олиш мумкин.
iPod shuffle бозорга 2005 йилда, iPod nano эса ўша йили сал кечроқ чиққан эди. Сўнгги марта Apple бу плеерларни 2015 йилда янгилаб, янги рангда чиқарган эди.
Изоҳ (0)