Илон Маск автомобиль лифти прототипи қандай ишлашини кўрсатди, ундан транспорт воситаларини метрога ўхшаш махсус туннелларга туширишда фойдаланиш кўзда тутилган, деб ёзади «Мотор». Роликни бизнесмен ўз Instagram’ида эълон қилди.
Автомобильлар учун ўзига хос метро яратиш ғоясини Маск шу йилнинг майида ошкор қилган эди. Ғояга кўра, машина кўчада махсус платформага чиқиши керак, у автомобилни туннелга туширади. Шундан сўнг автомобиль монорельслар тармоғи орқали йўловчиларни ўз манзилигача етказади. Машинали платформалар ер остида соатига 200 км тезликда ҳаракатлана олади.
Туннеллар тармоғини яратиш учун Маск The Boring Company номли янги компанияни очди. Фирма аллақачон Лос-Анжелесда синов туннелини қуришга киришган.
Бундан ташқари, бизнесмен АҚШ ҳукуматидан Нью-Йорк ва Вашингтонни боғлайдиган туннель учун рухсат олди. Унда Hyperloop вакуум поездлари ҳаракатланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)