Тошкентнинг «Обод» футбол клуби Олий лигадаги фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда «Championat.asia» жамоада фаолият олиб бораётган ва номи ошкор этилмаган кишига асосланиб маълумот берди.
Унинг айтишича, энди клубнинг Украинадан ҳомийлари бор ва улар «Обод»ни молиялаштириб боради. Бунда инвесторлар айнан ким экани, улар «Обод»ни қай усулда қўлга киритгани борасида маълумот берилмаган.
Шундан келиб чиқиб, «Обод»ни 2-давра ўйинларига украиналик бош мураббий Андрей Демченко тайёрламоқда. Хабарда келтирилишича, мутахассис 1976 йилда таваллуд топган. У Россия ва Украина фуқаролигига эга.
Демченко ўз вақтида «ЦСКА», «Аякс», «Металлург-З» «Иличевец», «Оболон», «Дачия», «Гелиос» каби клубларда тўп сурган. Мураббий сифатида Запарожьенинг «Имекс» клубида иш бошлаган. 2012 йил «Металлург-З» клубида ишлаган, кейинги икки йил шу клуб ўринбосарларини шуғуллантирган.
«Обод» Олий лигадаги навбатдаги ўйинини 5 август куни Наманганнинг «Навбаҳор» клубига қарши ўтказади. Жамоа ўзининг уй учрашувларини бунгача «Жар» стадионида ўтказиб келаётганди. Бироқ кейинроқ ўзининг уй аренаси реконструкция қилинаётган «Пахтакор» «Жар»ни ижарага олди. Шундан кейин «Обод» қайси стадионда ўйинларини ўтказиши ҳозирча маълум эмас.
Изоҳ (0)