АҚШ президенти Дональд Трамп Венесуэла етакчиси Николас Мадуро 30 июлда таъсис мажлисини чақирса, АҚШ «қатъий иқтисодий чораларни кўриши»ни айтди, деб ёзади «РИА Новости».
«Кеча Венесуэла халқи демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги тарафдори эканлигини яна бир бора кўрсатиб берди. Шунга қарамай, уларнинг кучли ва журъатли хатти-ҳаракатлари ҳамон диктатор бўлиш орзусидаги ёмон етакчи томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда», — дейилади Трампнинг баёнотида.
Унинг таъкидлашича, «агар Мадуронинг режими 30 июлда таъсис мажлисини чақирса, у ҳолда АҚШ қатъий ва тезкор иқтисодий чораларни кўради».
Ўз навбатида АҚШ давлат департаменти ҳам Венесуэла ҳукуматини Миллий ассамблея чақириғини бекор қилишга даъват этди.
17 июль куни Венесуэлада расмий мақомга эга бўлмаган «халқ референдуми» ўтказилди. Унда 7,2 миллион киши қатнашди, уларнинг аксарияти президент Николас Мадуро ташаббуси билан конституцияга ўзгартиришларни тайёрлаш учун таъсис мажлиси чақирилишига қарши овоз берди. Ҳукумат ушбу овоз беришнинг юридик оқибатларини тан олмаяпти ва таъсис мажлисига сайловлар графигига ўзгартириш киритишни режалаштирмаяпти.
Изоҳ (0)