Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўзига янги ёрдамчи топди, деб хабар берди ЎФФ матбуот хизмати. Нигерия терма жамоасининг собиқ футболчиси, ҳозирги кунда мураббийлик фаолияти билан шуғулланаётган Чима Мишель Онеке унинг таклифига кўра терма жамоа мураббийлар штабида иш бошлади.
Миллий терма жамоада жароҳатлар эпидемияси тарқалгани сабабли, қолаверса, кейинги икки ўйинга юқори жисмоний тайёргарлик кўриш мақсадида Самвел Бабаян Россиянинг «Анжи» клубида Гуус Ҳиддинкка ёрдам берган Онекени ўз ёрдамчилари сафига қўшиб олди, деб ёзилган хабарда. У миллий терманинг жисмоний тайёргарлик бўйича масъул мураббийи бўлиб тайинланди. Унинг асосий вазифаси миллий терма жамоа футболчиларининг жисмоний формасини қисқа вақт ичида юқори чўққига олиб чиқиб, бош мураббийга оптимал таркиб билан ўйнаш имкониятини яратиб беришдан иборат.
42 ёшли Онеке асли нигериялик. У Голландия паспортига эга ва мураббийлик фаолиятининг асосий қисми Голландия билан боғлиқ. Футболчи сифатида Нигерия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Голландияда 8 дан ортиқ жамоада ўйнаб, фаолияти давомида 65 га яқин гол урган. Ўзбекистон терма жамоасида иш бошлагунига қадар Германиянинг «Штутгарт» клубида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаб келаётганди.
Футболчи сифатидаги фаолиятининг охирги йилларини Голландия чемпионатида ўтказган Онеке тиббиёт бўйича олий маълумотни Голландияда олди. Фитнесс бўйича олий даражадаги дипломни қўлга киритган мутахассис Голландия терма жамоасининг собиқ футболчиси Рой Макаай, Россия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Александр Кержаков каби футболчиларнинг шахсий фитнесс мураббийи сифатида иш бошлади.
2011 йилнинг июлида Онеке голландиялик Гуус Ҳиддинк ва бразилиялик Роберто Карлос билан бирга Махачқалъанинг «Анжи» футбол клубида ишлади. Ўша пайтларда «Анжи» Россиянинг кучли учлигига кириб, мамлакат кубогининг финалигача етиб борди.
«Анжи» лойиҳаси тугатилгач, Онеке ҳам Россияни тарк этади. У 2013 йилда Грециянинг «ПАОК» жамоасида фитнесс мураббийи сифатида иш олиб борди. 2014 йилда «ПАОК» бош мураббий Хуб Стевенсни истеъфога чиқариши натижасида, Онеке бош мураббий вазифасини бажарувчилардан бири бўлиб мавсумнинг охиригача ПАОКда ишлади. Мавсум якунида «ПАОК» Греция чемпионатида 2-ўринни эгаллаб, Греция кубоги финалига чиқди.
Онекени жуда қадрлайдиган Хуб Стевенс 2014 йилда Германиянинг «Штутгарт» жамоасига таклиф қилинди ва ёрдамчисини ўзи билан бирга «Штутгарт»га олиб кетди. Германиядаги фаолияти давомида Онеке ва унинг штаби катта ҳажмдаги ишни амалга оширди. Натижада «Штутгарт» кетма-кет 2 йил қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан омон қолди. Онеке Ўзбекистон терма жамоасига айнан «Штутгарт»дан учирма бўлди.
Голландиянинг Зейст шаҳрида туғилган Онеке 5 та тилни, жумладан, рус тилини ҳам билади. Унинг Европа даражасидаги билими, юқори малакаси, бой тажрибаси ва рус тилини яхши билиши, Самвел Бабаянни Онеке ҳозирда Ўзбекистон учун энг яхши номзод эканлигига ишонтира олди. У Ўзбекистон термасида ишлаётган иккинчи хорижлик мутахассис саналади. Сербиялик Деян Журжевич миллий терма жамоа мураббийлар штабида иш олиб бораётганига 2 йилдан ошди.
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралашида 31 август куни Ухан шаҳрида Хитой, 5 сентябрь куни Тошкентда Жанубий Корея билан ўйнайди. Айни пайтда Ўзбекистон 8 та ўйиндан кейин 12 очко тўплаб, 2-ўриндаги Кореядан 1 очко ортда қолмоқда.
Изоҳ (0)