Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристин Лагард Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактубда у халқаро молиявий ташкилот Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши ҳамда унга техник кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Мактуб матни ЎзАда келтирилди.
«Мен Сиз ва Сизнинг иқтисодий жамоангиз Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш ва аҳоли моддий фаровонлигини юксалтириш йўлида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни астойдил маъқуллайман. Шуни ишонтириб айтаманки, Сизнинг раҳбарлигингизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирларини биз техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дейилади мактубда.
Лагард хоним бир неча кун аввал Халқаро валюта жамғармаси бош қароргоҳида жамғарма ходимлари билан Ўзбекистон вакиллари валюта сиёсатини ислоҳ қилиш йўллари бўйича дастлабки учрашув ўтказганидан ғоят мамнун эканлигини, шунингдек, жамғарма ходимлари бу борадаги ишларни давом эттириш учун яқин орада Тошкентга боришини айтди.
«Сизнинг жамоангиз ва ХВЖ ходимлари яқин вақтларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштириш мақсадида бошқа йўналишларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар орқали валюта тизимини эркинлаштиришни қўллаб-қувватлашга доир кенг кўламли масалаларни, жумладан, иқтисодий статистикани яхшилаш чора-тадбирларини муҳокама этишига ишонаман. Бу ҳукумат ва инвесторларга асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради», — таъкидлади ХВЖ ижрочи директори.
Ўзбекистон делегацияси 4−9 июль кунлари ХВЖнинг Вашингтондаги штаб-квартирасида бўлиб, ташкилот вакиллари билан мамлакатда валюта сиёсатини ислоҳ қилиш йўллари бўйича музокараларнинг биринчи раундини ўтказди. Музокаралар Тошкентда давом этиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)