Қозоғистон Республикасининг пойтахти Остана шаҳрида Expo-2017 доирасида 26—27 июнь кунлари бўлиб ўтган «Ўқиётган дунёда китобхон миллат» (Reading nation in reading world) халқаро симпозиумида «Ziyouz.uz» электрон кутубхонаси маъруза билан иштирок этди.
Бутун дунёдан 400 нафар зиёлиларни жамлаган ушбу анжуманни Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси ва Қозоғистон маданият илмий-тадқиқот институти ташкил этган.
Анжуманнинг биринчи кунида «Мутолаа ва тафаккур», «Болалар ва ёшлар орасида китобхонликни тарғиб этиш», «Биз нега ўқиймиз?», «ХХ асргача бўлган туркий манбалар» каби мавзуларда маърузалар бўлиб ўтди. Шундан сўнг иштирокчилар Остана шаҳрида бўлиб ўтаётган Expo-2017 халқаро кўргазмасига таклиф қилиндилар.
Симпозиумнинг иккинчи кунида қатнашчилар 8 та сессияларга бўлиниб, «Миллий ахборот сиёсати ва халқаро ҳамкорлик жараёнида миллий кутубхоналар», «Кутубхоналар ва музейлар: уларнинг жамиятдаги роли», «Болалар адабиёти ва замонавий таълим: тенденциялар ва истиқболлар», «Жаҳон ахборот тармоғидаги манбалар интеграцияси», «Туркий халқлар маданий алоқалари» мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди.
«Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симрозиуми доирасида «5-Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари раҳбарлари халқаро конференцияси» ҳам бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда «Электрон кутубхона маълумотлар базасини сақлашнинг муҳим хусусиятлари» мавзусида маъруза қилган ва «Зиёуз» электрон кутубхонаси ҳақида тақдимот ўтказган «Ziyouz.uz» электрон кутубхонаси раҳбари Давронбек Тожиалиев Қозоғистон Республикасининг «Кутубхона ишининг устаси» медали ва Туркия Республикаси тарих ва маданият ассоциацияси нишони билан тақдирланди.
Изоҳ (0)