«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Павел Шaпкин ўз саҳифасида Ўзбекистонлик йигит унга ичида кўп миқдорда пул бўлган йўқотилган ҳамённи қайтаргани ҳақидаги ҳикоя билан ўртоқлашди. Бу ҳақда «1news.uz» хабар бермоқда.
«Бугун ҳамёнимни йўқотдим. Кўз олдингизга келтиришингиз учун унинг ичида нақд 100 минг рубль ва бундан ҳам кўп сумма бўлган барча карталарим бор эди.
Ҳамёним қаерда, кимнинг қўлида эканлигини тасаввур ҳам этолмасдим. Тўғрироғи, вариантлар бор эди, бироқ бири иккинчисидан аянчлироқ.
Шу аҳволимда қўнғироқ янгради ва Ўзбекистонлик оддий йигит менга ҳамёнимни топиб олгани, уни қайтариб бермоқчи эканлиги, чунки уни ота-онаси шундай тарбиялаганини маълум қилди.
Ҳалигача ўзимга келолмайман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир унга бу пуллар, юмшоқроқ қилиб айтганда, ортиқчалик қилмас эди-ку? Оиласи ва ёш рафиқаси учун ҳам. Аммо у бунинг ўрнига мени қидириб топди ва ҳаммасини қайтарди. Гап бўлиши мумкин эмас. Бу эса эсдалик учун фото», — дея ёзув қолдирди пост муаллифи.
Изоҳ (0)