Ўзбекистон бизни анчадан буён ўзига чорлаб келаётган эди. Қадимий цивилизация тарихига яқинлашиш, Шарқ афсона ва эртаклари дунёсига ғарқ бўлиш истаги ўз натижасини кўрсатди. Мана чипталар харид қилинди ва Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолёти уч ярим соатда бизни Москвадан мустақил Ўзбекистон пойтахтига олиб келди, деб ҳикоя қилади «Мир новостей» нашри мухбири.
Биринчи навбатда, Тошкентнинг марказий бозорига йўл олдик. Шарқ бозоридаги нарх-навонинг арзонлиги бизни ҳайратлантирмасдан қолмади. Шуни ёдда тутиш лозимки, яхши тортишиш натижасида сотувчини нархларни икки баробарга туширишга кўндириш мумкин! Қолаверса, уларнинг барчаси рус тилини жуда яхши билади.
Бироқ биз битта шаҳарда ушланиб қолмасликка ҳаракат қилдик, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари: Самарқанд, Бухоро ва Хивага боришни режалаштирдик.
ХиваХивага кун ботаётганда етиб бордик, бироқ тонг отишини кутмасдан, нарсаларимизни меҳмонхонада қолдириб, шаҳарни айланишга чиқдик. Биринчи навбатда, Ичан Қалъага йўл олдик.
Юз йиллар давомида барпо этилган қалъа иншоотлари ва саройлар, масжид ва мадрасалар, мақбара ва миноралар, карвон сарой ва ҳаммомлар Ичан Қалъани ўзига хос музей шаҳарга айлантирган.
Тонгда қалъа бўйлаб экскурсиямизни давом эттирдик. Баландлиги 29 метр бўлган ноодатий минора — Калтаминор эътиборимизни тортди. Тарихчиларнинг маълум қилишича, унинг баландлиги 80 метрга етиши керак бўлган.
Калтаминор Хиванинг ҳақиқий рамзига айланган.
Афсоналардан бирида айтилишича, 1845—1855 йилларда Хивани бошқарган Муҳаммад Аминхон унинг ҳукмронлик даврида қурилиши бошланган минорага чиққанда бутун Бухорони кўриш истагини билдирган. Қисқа муддатларда топшириқни бажара олмаган уста ҳукмдор қаҳридан қўрқиб, қанот ясаган ва қуриб битказилмаган минора тепасидан учиб кетган.
Қадимий шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қила туриб, усталар ёғочдан қўлда турли сувенирлар ўйиб ясаётганлигини кўрдик. Кундузи улар ўз ишларини бозорда сотади.
БухороЎзбекистонга ташриф буюриб, Марказий Осиёнинг қадимий шаҳарларидан бири Бухорога бормасликнинг иложи йўқ.
Бухорода, биринчи навбатда, кўришингиз лозим бўлган жой бу эски шаҳардир. У қадимийлик нафаси билан ўзига ром қилади.
Диққатга савозор жойлари бир-биридан узоқда жойлашган Самарқанддан фарқли равишда Бухорода уларнинг барчаси 1,5—2 километр радиусда жойлашган, биз уларни пиёда айланиб чиқдик.
Биринчи куни эски шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган Лаби ҳовуз архитектура комплекси, Арк қалъаси, унинг қаршисида жойлашган, XVIII аср бошида барпо этилган Боло-ҳовуз масжиди, Нодир Девонбеги, Улуғбек, Кўкалдош мадрасалари ҳамда ҳамон фаолият кўрсатаётган Мир Араб мадрасаларини томоша қилдик.
Шаҳарнинг қадимий архитектура ёдгорлиги Минораи Калонни томоша қилиб завқландик. Бу эски Бухоронинг энг баланд иншооти — унинг баландлиги 46,5 метрга етади.
Иккинчи куни биз гид билан шаҳар ташқарисидаги Бухорони томоша қилишга йўл олдик. Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси ва Бухоро амирларининг ёзги қароргоҳини кўрдик.
Шаҳар бўйлаб сайр қила туриб, халқ фолклори қаҳрамони Насриддин Афандининг хушчақчақ ҳайкали ёнида суратга тушдик.Шаҳарда турли-туман меҳмонхоналар кўп. Нархлар тўйимли нонушта билан бир кечага 50 минг сўмдан бошланади.
Энди таомларга тўхталсак.
Ўзбек ошхонаси ҳеч қачон сизни бефарқ қолдирмайди! Албатта, Шарқда таомлар султони — бу палов. Бухорода унинг турли-туман кўринишларини татиб кўришингиз мумкин. Қўй, мол гўшти ва жигардан тайёрланадиган шашликлар мазаси ажойиб.
Чойни хуш кўрасизми? Унда Силк Роад Теа Ҳоусеъга ташриф буюринг. Чойингиз кутилмаганда тугаб қолса, қўшимча сўрашингиз мумкин. Кейингиси ҳам биринчи тўлов ичига киради.
Бутун ташрифимиз давомида «Чор-Бакр» кафесидаги палов, тандирда пиширилган қўй гўшти, қўй гўштидан тайёрланган шашликни энг мазали таомлар деб топдик.
СамарқандДунёда диққатга сазовор жойлар кўп, бироқ сизга Ўзбекистонга боришни тавсия қиламиз. Бундан сира афсусланмайсиз!Навбатдаги тўхташ жойимиз — афсонавий, шарқона Самарқанд шаҳри бўлди. «Маданиятлар чорраҳаси шаҳри» — шаҳар айнан шу ном билан ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Бу ерда, биринчи навбатда, машҳур Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Биби Хоним масжидини томоша қилиш лозим.
Регистон майдони — шаҳарнинг юраги. Майдон уч томондан учта улкан мадраса — Улуғбек, Тилла Кори ва Шердор билан ўралган. Кечқурун майдонда сайр қилиб, машҳур ёруғлик ва мусиқали панорама — «Мен — Регистон»ни кўришга муваффақ бўлдик! Кишини ўзига ром қилувчи томоша!
Бу ерда жойлашган кулолчилик музей-дўконига ҳеч нарса харид қилмасангиз ҳам боришни тавсия қиламиз. Ўзбек кулолчилигининг барча турлари тақдим этилган.
Изоҳ (0)