Халқаро олимлар гуруҳи Қуёш тизимидаги энг қадимий сайёра Юпитер эканлигини аниқлади. Бу ҳақда «Phys.org» сайтида хабар берилди.
Астрономлар темир метеоритлардаги вольфрам ва молибден изотоплари таркибини ўрганиб чиқди, бу уларнинг шаклланиш ўрнини аниқлаш имконини берди. Аниқланишича, ҳар бир ўрганилган космик объект Қуёш тизими шаклланган туманликнинг икки зонасидан бирида шаклланган. Бу ҳудудлар 2–3 миллион йил давомида изоляцияда бўлган. Бунга уларнинг орасида юзага келган тирқиш сабаб бўлган, негаки Юпитер протосайёравий гардишдан моддаларни ўзига тортиб олаверган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, гигант сайёранинг қаттиқ ядроси Қуёш тизими шаклланганидан 1 миллион йил ўтиб юзага келган. Бу газ-чанг гардиши ичида модданинг жой алмашишига тўсқинлик қилган, бу, ўз навбатида, Супер Ер тоифасидаги сайёралар ҳосил бўлишининг олдини олган. 70 та Ер массасига тенг масса тўплаш учун унга 3–4 миллион йил талаб этилган. Кейинроқ ядро Юпитернинг газ қобиғи сифатида хизмат қилган моддани тортиб олган.
Астрономларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Қуёш тизими тахминан 4,5 миллиард йил муқаддам ҳосил бўлган. Сайёралар Қуёшни ўраб турган протосайёравий гардиш айланиши натижасида шаклланган.
Изоҳ (0)