БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё мамлакатлари — Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйлаб сафарга отланмоқда, деб ёзади «Газета.uz» БМТ Янгиликлар марказига таяниб.
8—9 июнь кунларини халқаро ташкилот раҳбари Остонада ўтказиб, у ерда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашади ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлайди.
10 июнь куни БМТ бош котиби Самарқандга келиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Куннинг иккинчи ярмида БМТ раҳбари Қорақалпоғистонга бориб, Оролбўйи минтақасини кўради.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Антониу Гутерриш вертолётда Орол денгизи акваторияси атрофида айланиб учади.
11 июнь куни БМТ раҳбари Бишкекка келиб, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашади. Сўнг у 2010 йил июнидаги фожиали воқеаларга бағишланган тадбирларда қатнашади.
12 июнда Антониу Гутерриш Тожикистонга, 13 июнда эса Туркманистонга ташриф буюриб, ушбу мамлакатлар президентлари билан учрашади. Душанбеда у барқарор тараққиёт бўйича анжуманда нутқ сўзлайди, Ашхободда эса Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш стратегиясини амалга оширишга бағишланган юқори даражали музокараларда қатнашади.
Изоҳ (0)