6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ президентининг Фан масалалари бўйича вакили, Тафтс Университети қошидаги Атроф-муҳит институти директори Линда Абриола билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида фан соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари нуқтаи назаридан Ўзбекистон—АҚШ муносабатларини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
2010 йил декабрь ойида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасидаги фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш мазкур йўналишдаги шерикчиликни кенгайтириш имконини бергани қайд этилди.