Бухорода XVI анъанавий ипак ва зираворлар халқаро фестивали бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фестиваль Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий ўтказиб келинмоқда.
Фестиваль кўҳна Арк қалъаси олдида қадим даврларни эслатувчи театрлаштирилган томошалар билан бошланди. Карнай-сурнай садолари янграб, ўтмиш лавҳалари, эртак қаҳрамонлари акс эттирилган байрамона тантанали юриш фестиваль тадбирлари маркази бўлган Лаби ҳовуз мажмуаси томон йўл олди.
Лаби ҳовузда ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокими И.Фармонов, АҚШнинг "Санта-Фе – Бухоро» биродарлашган шаҳарлар қўмитаси раиси Кэрол Робертсон Лопес, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, сайёҳлар, ёшлар иштирок этди.
Фестивалда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан халқ амалий санъати ихлосмандлари, мутахассислар, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, ҳунармандлар иштирок этди.
Тадбир доирасидаги кўргазма-савдо расталарида Бухоро мис-кандакорлик асарлари, кулолчилик ва заргарлик буюмлари, зардўзлик либослари, деворий кашталар, водийнинг атласу адраслари, дўппилари, чинни идишлари, Сурхоннинг жун ва ипакдан ишланган маҳсулотлари, тошкентлик усталарнинг ёғоч ўймакорлик ашёлари, Жиззахнинг бисер-мунчоқли санъат асарлари, умуман, юртимиз ва хорижлик ҳунармандларнинг ипак маҳсулотлари, зираворлар, гиёҳлардан тайёрланган шифобахш дармондорилар намойиш этилди. Бухоро рассомлик ва миниатюра, заргарлик, зардўзлик, мис-кандакорлик, темирчилик, гиламчилик ва Ғиждувон кулолчилик мактаблари усталарининг маҳорат дарслари ташкил этилди.
Фестиваль доирасида ўтказилган «Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва уни ривожлантириш истиқболлари» мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияда вилоятда туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)