Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус – 2017» кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
«Ташаббус – 2017» кўрик-танлови ғолибларининг номлари эълон қилинди. Улар учта асосий – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишида тақдирланди.
«Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Тошкент вилоятидаги Torimed Pharm масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳаджон Шукуров ғолиб бўлди. Бухоро вилоятидан Аҳмад Арабов «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» деб эътироф этилди. Андижон вилоятидаги «Бахт имкон ривож чорваси» фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов «Йилнинг энг яхши фермери» деб эълон қилинди.
«Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли«, «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Йилнинг энг яхши экспортчиси» ва «Республика ички бозорида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун» каби номинациялар ғолиблари ҳам эълон қилинди.
Асосий номинациялар ғолибларига Президент соврини – Spark автомобили, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига пул мукофотлари, махсус номинациялар совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Ғолиблар халқаро танловлар, ярмаркалар, семинарларда иштирок этиши, ўз йўналишлари бўйича чет элда малака ошириши мумкин.
Изоҳ (0)