Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида (IUT) анъанавий Google I/О 2017 Extended конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда ўқув юрти ахборот хизмати маълум қилди.
IUT Google I/О 2017 Extended конференциясини учинчи маротаба ўтказди. Мазкур конференцияда 300 нафардан ортиқ ишлаб чиқарувчилар, дастурчилар ва Ўзбекистондаги кўплаб университет талабалари иштирок этди.
Конференция давомида Google компанияси Android операцион тизимининг янги талқини, Android Go тизимининг енгиллаштирилган талқини, Google Assistant ва Google Photos сервисларининг янги имкониятлари тақдим этилди. АҚШдан ташқарида бўлган Google Home «ақлли уй» тизимининг ишга туширилганлигини маълум қилинди. Компания, шунингдек, виртуал реаллик соҳасидаги ўз ечим ва таклифларини ҳам тақдим этди.
Тадбир давомида маҳаллий IT-компаниялар вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди. Улар IT-соҳасининг турли йўналишларидаги билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар орасида UzMobile, «Stolik.uz», Datasite, Huawei, Super Dispatch, Texnoman, Payme, Newmax, ASBT, United Games, Net Extension, «Delphi.uz», Brandbox Branding, Zefir VR, «Pomidor.uz» ва бошқа компаниялар мутахассислари бор эди.
Қатнашчилар, шунингдек, веб ва мобил дастурлар яратиш бўйича амалий сессиялар, компьютер ўйинлари ва хавфсизликни таъминлашда иштирок этди. Google I/О 2017 Extended доирасида Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер-футбол федерацияси билан ҳамкорликда ФИФА 2017 ўйини бўйича мусобақа ўтказилди.
Изоҳ (0)