Хитой ҳукумати 2010 йилдан 2012 йилгача бўлган давр мобайнида Марказий разведка бошқармасининг камида ўн нафар ахборот етказувчисини йўқ қилиб, АҚШнинг ушбу мамлакатдаги разведка операцияларини барбод қилди. Бу ҳақда New York Times газетаси хабар бермоқда, деб ёзади «ТАСС».
Нашрнинг маълум қилишича, шу икки йил давомида МРБнинг 18 нафардан 20 нафаргача ахборот етказувчиси ўлдирилган ёки Хитой қамоқхоналарига қамалган. Улардан бири ҳукумат биноларидан бири ҳовлисида ўз ҳамкасблари кўз ўнгида ўлдрилган.
АҚШ собиқ мансабдорларининг маълум қилишича, мамлакат Пекин «бюрократиясининг энг ичкарисидан» маълумот етказувчиларни ёллаган. Улардан баъзилари Хитой ҳукуматидан ҳафсаласи пир бўлган ХХР фуқаролари бўлган.
2011 йил бошига келиб, Пекиндан келаётган разведка маълумотлари камая бошлади. МРБ ва ФҚБ мазкур масала юзасидан қўшма суриштирув бошлади. Операция Honey Badger махфий номини олди. New York Times манбаларидан бирининг маълум қилишича, у Шимолий Виргиниядаги махфий офисдан юритилган. Баъзи терговчилар Хитой ҳукумати МРБ бошқармаси ўз манбалари билан мулоқот қилган шифрни фош қилганлигини тахмин қилган. Бошқалари эса разведка бошқармасида сотқин борлигини гумон қилган.
Изоҳ (0)