Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказида 2017—2021 йилларда мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасидаги илмий-тадқиқотларни янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди, деб ёзади ЎзА.
Марказ олимлари томонидан мевалар ва узумнинг 150 дан ортиқ янги нави яратилди. Шафтолининг «Учқун», «Гулноз», «Истиқбол» «Ҳилола», олхўрининг «Ярхи», тоғолчанинг «Мухтор», «Майсара» ва «Ҳосилот» навлари шулар сирасидандир. Боғбонлар мазкур навларни экиб, мўл ҳосил олмоқда. Олманинг 60 фоиздан кўпроғи, нокнинг қарийб 50 фоизи, узумнинг 43 фоизи, қулупнайнинг 90 фоизи, ёнғоқнинг 90 фоизини Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги илмий тадқиқотлар натижасида яратилган навлар ташкил қилади. Бугунги кунда институт олимлари яратган 11 мева турининг 24 хил нави Давлат нав синаш комиссиясида синовдан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, интенсив боғларни кенгайтириш мақсадида аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда мамлакатда 32 минг 400 гектар ерда ана шундай боғлар ташкил қилинган. Жорий йилда яна 13 минг гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилади.
Мазкур боғларнинг афзалликлари бугунги кунда амалда намоён бўлмоқда. Интенсив боғлар иккинчи йилдаёқ ҳосилга киради. Пакана олма кўчатининг бир тупи тўлиқ ҳосилга кирганда 50-60 килограмм мева беради. Уларнинг илдизи тупроқ юзасига яқин жойлашгани сабабли сувга талабчан. Шунинг учун томчилатиб суғориш тизимига ўтказилса, яхши ўсиб, тез ривожланади.
Ҳозир илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари яратган йигирма тўрт хил мева ва узум нави ҳамда улардан юқори ҳосил етиштириш технологиялари деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларида 179,1 минг гектардан ортиқ майдонда қўлланилмоқда. Энг яхши саноатбоп навлар мазкур марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтларида яратилган бўлиб, улар Марказий Осиё давлатлари, Россия, Украина, Ҳиндистон, Венгрия, Польша, Руминия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам экилмоқда.
Изоҳ (0)