АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳарбий ва дипломатик маслаҳатчилари Афғонистонга юбориладиган америкалик ҳарбийларни 3 мингдан 8,4 минггача ошириш борасидаги режани тақдим этди. Бу ҳақда The Washington Post нашрига таяниб, «РБК» хабар берди.
Янги режанинг мақсади — АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий ролини кучайтириш. Бундан ташқари, Вашингтонда Афғонистонга юбориладиган америкалик ҳарбийлар сонини белгилаш ва «Толибон» жангариларига ҳужум қилиш бўйича қарорларни чиқариш ҳуқуқини Оқ уйга эмас, Пентагонга бериш режалаштирилмоқда. Шунингдек, собиқ президент Барак Обама маъмурияти даврида Афғинистондаги ҳарбий маслаҳатчилар сонига қўйилган чекловни олиб ташлаш режаси ҳам бор.
Оқ уй вакиллари ушбу хабарга ҳеч қандай изоҳ бермади.
7 май куни The Wall Street Journal нашри Пентагон АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий ҳаракатларини молиялаштириш режасини тасдиқлагани ҳақида хабар берганди.
Апрель охирида Трамп маъмурияти Пентагонга Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийлар сонини оширишга рухсат берган эди. Ушбу қарор АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттисга юқоридаги мамлакатлардаги ҳарбийлар сонини белгилаш ваколатини беради.
Изоҳ (0)