Фарғона вилоятининг Бувайда туманида спорт мусобақасида жанжал кўтарганлар қамалди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди. Воқеа бир неча кун олдин тумандаги марказий стадионда юз берган. Унда футбол учрашуви якунида иштирокчилар ва уларнинг яқинлари ўртасидаги тушунмовчилик катта можаро келтириб чиқарган. Ички ишлар бўлими ходимлари воқеага аралашиб, вазиятни назоратга олди. 2 август, шанба куни Бувайда туман жиноят суди жанжалга сабабчи бўлган беш нафар шахсга нисбатан иш кўриб, уларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси (майда безорилик, фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) ҳамда 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар ходимлари талабларини бажармаслик) бўйича айбдор деб топди. Суд қарорига кўра, улардан бирига 10 сутка, яна бир фуқаро 7 сутка, қолган уч нафар шахсга эса 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)