Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида «Тошкент баҳори» IV халқаро опера ва балет санъати фестивалининг ёпилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Унга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари, санъат мухлислари, ёшлар таклиф этилди.
Бу йилги «Тошкент баҳори» фестивалида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон каби давлатлардан опера ва балет ижрочилари иштирок этди. Фестиваль кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида М.Бафоевнинг «Севгим самоси», Ж.Вердининг «Травиата», «Трубадур», Н.Римский-Корсаковнинг «Шоҳ қайлиғи», Ж.Пуччинининг «Богема» каби опералари намойиш этилди. Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ҳамда хорижлик опера ижрочилари иштирокидаги концерт дастури тингловчиларга кўтаринкилик, завқ, қалбларга жўшқинлик бахш этди.
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ёшлари иштирокидаги ҳисобот концертлари Ўзбекистон санъатнинг барча турлари каби рақс санъати соҳасида ҳам истеъдодларга бой эканини кўрсатди.
Фестиваль дастури Ўзбекистон ва россиялик балет ижрочилари иштирокидаги П.Чайковскийнинг «Оққуш кўли» балети намойиши билан ниҳоясига етди.
Изоҳ (0)