Google компанияси Gmail почта хизмати фойдаланувчиларини Google Docs хизмати остида ниқобланган зарарли хабарлардан огоҳлантирди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Биз Google Docs каби кўринадиган фишинг (фойдаланувчига зарар етказадиган) хабарларни ўрганиб чиқяпмиз. Сизни ана шу кўринишдаги ҳаволага кирмасликка ва уни фишинг хабар деб белгилашга чақирамиз.Хабарлар 3 майда келишни бошлаган. Муаллифи қабул қилувчига танишдек кўрсатилган хабарда Google Docs ҳужжатни очиш таклиф қилинади.
Ҳавола бўйича кирилганда, фойдаланувчидан Google Docs деб номланган дастурга ўз хатлари ва почта манзилларини бошқаришга рухсат бериш сўралади. Аслида бу дастурнинг Google’га ҳеч қандай алоқаси йўқ ва зарар етказувчи ҳисобланади.
The Verge нашрининг қайд этишича, хабар оддий фишинг хабардан шуниси билан фарқланадики, у фойдаланувчини почта хизматиникига ўхшамайдиган саҳифага ўтказади. Ўзи эса ҳақиқий почта хизмати ичида ҳаракат қилиб, бегона дастурларга аккаунтга кириш имкониятини яратади.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Google зарар етказувчи дастурни ўчирган. Компания ҳали бу маълумотни тасдиқламади.
Изоҳ (0)