Таиланд жанубидаги Наративат, Ялла, Паттарни ва Сонгкла вилоятларида 13 портлашдан иборат портлашлар серияси юз берди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
«РИА Новости»нинг Таиланд нашрларига асосланиб хабар беришича, мазкур портлашларни уюштирган икки жангари Сонгкла вилоятидаги ҳарбий қисм олдига келганда ҳалок бўлган. Уларнинг қўлбола бомбаси вақтидан аввал портлаб кетган.
Агентлик маълумотларига кўра, портлашлар маҳаллий вақт билан соат 19:00—22:30 оралиғида (Тошкент вақти билан 17:00—19:30 оралиғида) полиция бўлинмалари, постлари ва полициячиларнинг уйлари олдида юз берган.
Хабар беришларича, мотоцикл минган жангарилар томонидан отилган қўл гранаталари портлаган, шунингдек, жангарилар ва полициячилар ўртасида отишмалар юз берган.
Ички хавфсизлик бўйича тезкор бошқарма вакили Юттанам Петчмуангнинг сўзларига кўра, бу «тартибсизлик келтириб чиқариш ниятидаги одамларнинг қилмишидир». «Афтидан, уларнинг мақсади ўлдириш эмас, балки тартибсизликларни келтириб чиқариш бўлган», — деди у.
Ҳозирча ҳеч бир террорчилик ташкилоти мазкур ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олганича йўқ.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)