Қирғизистонда 28 ёшли Акрам Азимов — Петербург метросидаги теракт ташкилотчиси гумони остида Россияда ҳибсга олинган Аброр Азимовнинг туғишган акаси қўлга олинди. Meduza’нинг ёзишича, бу ҳақда ака-укаларнинг отаси Аҳрол Азимов маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Акрам Азимов Москвага юборилган.
Москвада истиқомат қилувчи катта Азимов Аброрнинг ҳибсга олингани ҳақида телевидение орқали билган. У Қирғизистонга, собиқ аёлига қўнғироқ қилганида, у иккинчи ўғил ҳам қамоққа олинганини билдирган.
Қўлга олинган шахсларнинг отаси унинг фарзандлари Петербургдаги терактга алоқадор бўлиши мумкинлигини рад этмоқда. «Акрам ва Аброр ҳатто чумолига ҳам озор бермаган. Мен тарбия бермаганимга қарамай, улар ажойиб йигит бўлиб вояга етган», — деди Аҳрол Азимов.
Аброр ва Акрам Азимов Москва вилоятининг Odinсово туманида ишлаган. Отасининг сўзларига кўра, март ойи охирида Акрам ишдан бўшаб, Қирғизистонга қайтиб кетган, Аброр ҳам қайтиш тараддудида бўлган.
«Аброр эрталабдан кечгача ишда бўладиган оғир ва босиқ бола. У ҳеч қачон ҳеч қандай масжидларга бормаган», — деди Аброр Азимовнинг отаси.
Петербург теракти ташкилотчиси деб гумон қилинаётган Аброр Азимов 17 апрель куни Москва вилоятида қўлга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, террорчи-худкуш Акбаржон Жалиловни айнан у терактга тайёрлаган.
18 апрель куни суд Азимовни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Адвокатининг сўзларига кўра, Азимов ўзини айбдор деб ҳисобламоқда. Бироқ гумонланувчининг ўзи суд залида: «Портлашга алоқадорлигим ҳақида — мен бундай демаганман. Бунда менинг иштироким бор, бироқ бевосита эмас», — деди.
Петербург метросидаги портлаш 3 апрель куни юз берган эди. Ҳодиса оқибатида, террорчи-худкушни ҳисобга олмаса, 14 киши ҳалок бўлган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)