Москванинг Басманний тумани суди судьяси Артур Карпов Санкт-Петербург метросидаги теракт ташкилотчиси деб гумон қилинаётган Аброр Азимовни 3 июнга қадар ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Судда Азимов ўзининг ҳибсга олинишига қарши эмаслигини маълум қилди, бироқ терактга алоқадорлиги ҳақидаги гумонларни рад этди. Гумонланувчининг сўзларига кўра, унга «буйруқ беришган», бироқ у теракт режалаштирилганидан бехабар бўлган. Азимовнинг адвокати эса, аксинча, гумонланувчи ўзига қўйилган айбни тўла тан олганини айтди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Азимов қўлга олингани ҳақида 17 апрель оқшомида ахборот берган эди. «Коммерсантъ» маълумотига кўра, унинг теракт ижрочиси Акбаржон Жалилов билан алоқаси телефон қўнғироқлари ёрдамида аниқланган. Тергов маълумотларига кўра, Азимов терактдан сўнг телефон рақамини ўзгартириб, яшириниб юрган.
Петербургдаги теракт иши бўйича Азимовдан ташқари яна саккиз киши қўлга олинган бўлиб, тинтув қилиш давомида улар истиқомат қилган жойдан портловчи ускуна ва қурол топилди. Уларнинг бари ҳибсга олинган.
Петербург метросидаги портлаш 3 апрель куни юз берган эди. Ҳодиса оқибатида 15 киши, хусусан, террорчи деб гумон қилинаётган шахс ҳам ҳалок бўлган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)