15 апрель куни Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Паркент ҳамда Юқори Чирчиқ туманлари аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабул бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 14 апрель кунига қадар Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига икки туман аҳолисидан 4660 дан ортиқ мурожаат тушди.
Мурожаатларнинг 2900 дан ортиғи Юқори Чирчиқ тумани аҳолисидан бўлиб, бугунги кунда уларнинг 93,7 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Паркент тумани аҳолисидан тушган 1744 мурожаатнинг 1603 таси кўриб чиқилган, 141 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.
Мурожаатлар, асосан, уй-жой, банк-молия, моддий ёрдам, иш ҳақи ва пенсия, судларда ишлар кўрилиши, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, меҳнат ва бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, электр энергияси, табиий газ таъминоти каби йўналишлар билан боғлиқ.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари вакиллари, Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ ва Паркент туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари мазкур мурожаатларни бевосита муҳокама қилиши алоҳида таъкидланди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)