Лондоннинг Вестминстер кўпригида 22 март куни юз берган теракт оқибатида жароҳат олган Руминия фуқароси вафот этди. Бу ҳақда, Sky News телеканалига таяниб, «РБК» хабар берди.
Террорчи машинасини одамлар устига ҳайдагач, аёл Вестминстер кўпригидан Темза дарёсига қулаган эди.
Лондонда 22 март куни йўлтанламас минган номаълум эркак Вестминстер кўпригида бир неча одамни уриб кетган эди. Шундан сўнг у Британия парламенти ҳудудига киришга уринган.
Полиция ходими Кит Палмер жиноятчини тўхтатишга ҳаракат қилган, бироқ тўқнашув давомида унга пичоқ билан оғир тан жароҳати етказилиши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳужум қилган шахс бошқа бир полициячи томонидан отиб ўлдирилган.
Теракт оқибатида руминиялик сайёҳдан ташқари яна уч киши — британиялик испан тили ўқитувчиси Аиша Фрейз, АҚШдан келган турист Курт Кохран ҳамда нафақахўр Лесли Родс ҳам ҳалок бўлган. Ҳужум оқибатида 28 киши жароҳат олган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)