Ўзбекистон бокс делегацияси Таиланд пойтахти Бангкок мезбонлик қиладиган халқаро турнирда иштирок этади. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри хабар берди.
Мусобақада иштирок этувчи мамлакатлар номига ойдинлик киритилмаган бўлса-да, уларнинг ҳар бири етти нафардан боксчи билан етиб келиши аниқ. Ўзбекистон делегацияси бу борада Рио—2016 Олимпиадасида иштирок этган 4 нафар чарм қўлқоп устаси хизматидан фойдаланади: Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Мурод Аҳмадалиев ва Шаҳрам Ғиёсов.
1 апрель куни Uzbek Tigers жамоаси WSB гуруҳ босқичининг сўнгги турида Astana Arlans жамоасини қабул қилади. Томонларнинг Қозоғистондаги беллашуви Uzbek Tigers’нинг 1:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунига етган.
Қизиқ томони, Бангкокдаги турнир 3-8 апрель кунлари бўлиб ўтади. Astana Arlansга қарши жанг қиладиган уч боксчи — Ҳасанбой Дўстматов, Исроил Мадримов ва Элнур Абдураимов орадан икки кун ўтиб старт оладиган турнирда ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши керак.
Изоҳ (0)