Қозоғистон Республикасининг Мақтаарал тумани ҳокимлиги таклифига биноан Сирдарё вилоятининг бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари Жетисай шаҳрида бўлиб ўтган Наврўз умумхалқ сайлида қатнашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жетисай шаҳри 350 минг аҳоли истиқомат қиладиган Мақтаарал тумани маркази саналади. «Саябақ» истироҳат боғида Мақтаарал тумани раҳбарлари ва жамоатчилиги вакиллари меҳмонларни самимий кутиб олди. Меҳнат жамоалари вакиллари шарқона меҳмондўстлик хислатларини намоён этиб, байрам учун тайёрланган сумалак, ҳалим, гўжа, кўк сомса каби хилма-хил баҳорий неъматлардан татиб кўришга ундади. Ўзаро байрам билан қутлашиб, яхши тилаклар билдирилди.
Минглаб сайил иштирокчилари тўпланган истироҳат боғида театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Қадимги анъаналарга кўра, бободеҳқонларни мадҳ этувчи саҳна кўринишлари билан бошланган томошаларга ўзбек, қозоқ ва бошқа халқларнинг дилрабо куй-қўшиқлари уланиб кетди.
«Саябақ» истироҳат боғининг махсус ажратилган майдонига шу куни яшиллик тимсоли бўлган арча кўчатлари ўтқазилди.
Мақтааралда Наврўз сайли кун бўйи давом этди. Бу бетакрор айёмнинг ноёб хислати туфайли меҳр-оқибат, ҳурмат ва мурувват, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғулар янада кучайди, меҳмонлар ва мезбонлар бир-бирига соғлиқ-омонлик, бахт ва омад тилади.
Изоҳ (0)