Шаҳрисабзда Жанубий Корея Республикаси ҳукумати грантини жалб қилган ҳолда профессионал таълим маркази ташкил этилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори эълон қилинди, деб хабар беради «Norma.uz» ахборот-ҳуқуқ портали.
Шаҳрисабзда 240 ўқувчи таълим олишига мўлжалланган, 60 кишилик ётоқхонага эга марказни қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун Корея ҳукумати томонидан 8,5 миллион долларга тенг давлат гранти ажратилди. Қурилишга шаҳардаги собиқ «Ҳужум» фабрикасининг маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари ажратилди. Қурилиш буюртмачиси KOICA ҳисобланади.
Марказ давлат таълим муассасаси ҳисобланиб, бевосита Меҳнат вазирлигига бўйсунади. Умумий таълим-методик фаолият устидан раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, профессионал таълим маркази томонидан бажарилади.
Ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини, шу қаторда доимий иш жойига эга бўлмаган профессионал коллеж ва академик лицей битирувчилари марказда бир йил давомида таълим олади.
Марказ харажатлари Қашқадарё вилояти Меҳнат бош бошқармасига қарашли Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан қопланади.
Марказда, шунингдек, иш излаётган, бироқ меҳнат органларида ишсиз деб қайд этилмаган шахслар малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли пулли курслар ҳам ташкил этилади.
Марказда таълим олувчи ишсиз деб тан олинган шахсларга ўқув даври мобайнида ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорда стипендия берилади.
Изоҳ (0)