Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси 28—29 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Сенат Кенгашининг 22 март куни бўлиб ўтган мажлисида қарор қабул қилинди, дея хабар бермоқда Сенат ахборот хизмати.
Мажлис кун тартибига бир қатор қонунлар, хусусан, Конституцияга, «Судлар тўғрисида»ги қонунга, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун киритилади.
Шу билан бир қаторда сенаторлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг, Ҳисоб палатасининг, бош прокурорнинг, ички ишлар вазирининг, Марказий банк бошқаруви раисининг, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботларини эшитади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)