Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби 13 март куни Осиё Чемпионлар лигасининг 3-турида майдонга тушади. Рақиб Эроннинг «Истиқлол» клуби.
Душанба куни Тошкент вақти билан 20:30 да старт оладиган беллашувда иштирок этиш учун «темирйўлчилар» Теҳрон сафарига якшанба куни эрталаб — 10:00 да парвоз қилди. «Championat.asia» нашрининг аниқлик киритишича, «Локомотив» бунинг учун чартер рейс буюртма берган. Аввалроқ Ўзбекистон чемпиони «Ат-Таавун»га қарши ўйин учун Саудия парвозига ҳам чартер рейс буюртма берганди.
«Истиқлол»га қарши учрашув Теҳрондаги машҳур «Озодий» стадионида бўлиб ўтади. Айни вақтда ҳар икки клуб ҳисобида 3 тадан очко бор.
«Локомотив» Саудияда 0:1 ҳисобида енгилиб, ўз майдонида Амирликларнинг «Ал-Аҳли» клубини 2:0 ҳисобида таслим қилганди. «Истиқлол» эса сафарда «Ал-Аҳли»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган. 2-турда «Ат-Таавун»дан устун келган — 3:0. Тўплар нисбатига кўра форс клуби «Локомотив»дан яхшироқ натижа қайд этиб турибди.
Изоҳ (0)