Италиянинг «Кальяри» клуби Шимолий Кореядан бўлган Хан Кван Сон билан шартнома тузди. Бу ҳақда «Sports.ru» клуб матбуот хизматига таяниб хабар берди.
18 ёшли футболчи даставвал кўрикдан ўтиш учун таклиф этилганди. Унинг ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келди. Шунингдек, тиббий кўрик натижалари ҳам ижобий бўлди.
«Кальяри» бунга қадар осиёлик футболчилар хизматидан фойдаланиб кўрмаганди. Хан Кван Сон бу борада биринчи бўлди. Эндиликда у А серияда 13-ўринни эгаллаб турган клуб асосий таркибига кириш йўлида меҳнат қилади.
Маълумот учун, Италия А сериясида бирорта ҳам ўзбекистонлик футболчи тўп сурмайди. Ўз вақтида Илёс Зейтуллаевни Туриннинг «Ювентус» клуби ўз сафига қўшиб олган бўлиб, футболчи кейинчалик «Режина», «Верона», «Пескара», «Торино» каби клублар сафида кўриниш берганди.
2016 йил Илёс Зейтуллаев ёшини 5 эмас, балки 2 ёшга кичрайтирганини тан олганди. Шимолий Кореянинг 18 ёшли футболчиси ёшини кичиклаштирганми ёки йўқ — аниқ эмас.
Изоҳ (0)