Жиззахга «Бегали Транс Сервис» МЧЖ томонидан «Jizzax Best Avto» МЧЖ билан тузилган шартнома орқали «Сам Авто» МЧЖда ишлаб чиқарилган 30 та SAZ HC 40 русумли автобус олиб келиниши режалаштирилган эди, деб хабар беради Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Бугунги кунда 10 та SAZ HC 40 русумли автобус олиб келинди. Корхона ушбу автобусларни «Ипотека банк» Жиззах филиалининг 3 миллиард 100 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига харид қилди.
Ушбу автобуслар Жиззах аҳолиси узоғини яқин қилиш учун шаҳар ичи йўналишларига жойлаштирилди. Бунинг натижасида яна 20 та малакали ҳайдовчи иш билан таъминланди.
«Бегали Транс Сервис» МЧЖ бугунги кунда 1-сонли «Жиззах автошоҳбекат—Қаҳрамон маҳалласи» шаҳар ичи йўналишида аҳолига намунали автотранспорт хизматини кўрсатмоқда.
Мазкур корхона раҳбарининг қайд этишича, янги иш ўринлари яратиш ҳамда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида яна 20 та SAZ HC 40 русумидаги замонавий автобус олиб келиниши режалаштирилган.
Изоҳ (0)